Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 йиллик юбилейи билан табриклади
Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 йиллик юбилейи билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси алоҳида қайд этилган.
Савдо ва саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, шу жумладан Афғонистонда мустаҳкам тинчликни таъминлашга ва ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилган. Ўзбекистон етакчиси шу кунларда Туркманистон пойтахтида ўтказилаётган олтинчи Каспий саммити муваффақиятли ўтишини тилаган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилиб, туғилган куни билан табриклагани хабар қилинганди.


