Бугун оқшоми. Тошкент — энг арзон шаҳарлардан бири, Ёшлар куни, Донбассни «озод» қилишни мақсад қилган, аммо 5 ойдан бери етишолмаётган Россия

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугун — 30 июнь — Ёшлар куни. Табриклаймиз, қутлаймиз. Бугун Ўзбекистонда 9 миллион 685 минг 564 киши ушбу байрамни нишонламоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Статқўм маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига мамлакатдаги 9 миллион 685 минг 564 нафар 14–30 ёшдаги (айнан шу ёшдагиларгина ёш ҳисобланади) доимий аҳолидан 4 954 910 нафари ўғил болаларни, 4 730 654 нафари эса қиз болаларни ташкил қилади (шу ерда ҳам гендер тенглик деярли тўлиқ таъминланган).

Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида бошқарма ташкил этилди. Унинг фаолиятида «юмшоқ куч», халқ, маданий ва спорт дипломатияси воситаларидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият берилади.

Фото: Тоашқи ишлар вазирлиги

Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм, гуманитар алоқалар соҳаларида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш билан шуғулланади. Янги бошқармага вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Анвар Абдураҳимович Абдухалимов бошлиқ этиб тайинланди. У бир вақтнинг ўзида иккита лавозимда фаолият юритади.

Бошқарма ваколатига кирувчи йўналишлар бўйича талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, олий ўқув юртлари ўртасида ва академик шартномалар ҳамда меморандумлар тузиш чораларини кўради. Бундан ташқари унинг вазифалари қаторига бошқа кўплаб йўналишлар киради, улар билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Тошкент дунёда хорижликлар учун энг арзон 10 та давлатдан бири бўлди. Фақат чет элликлар учун, ўзбекистонликлар учун эса унчалик ҳам эмас.

Фото: «Bugun.uz»

«Mercer» консалтинг компанияси чет элликлар учун 2022 йилда яшаш нархи бўйича энг арзон ва қиммат бўлган шаҳарлар рейтингини тузди. Тошкент бу рўйхатда 227 та шаҳар ичида 221-ўринни эгаллади. Ундаги ўринлар энг қимматидан энг арзонига қадар давом этади. Қўшни давлатларда жойлашган Олмаота 219-ўрин, Бишкек 226-ўрин ва Туркия пойтахти – Анқара 227-ўринни эгаллаб, яшаш учун арзон шаҳарлар деб топилган.

Юқори нарх бўйича биринчи ўнликка бирданига Швейцариянинг тўртта шаҳри кирилтилган: Цюрих — 2-ўрин; Женева — 3-ўрин; Базел — 4-ўрин; Берн — 5-ўрин. Гонконг эса хорижликлар учун дунёдаги энг қиммат шаҳар деб тан олинган. Топ 10 таликка Тел-Авив, Нью-Йорк, Сингапур, Токио ва Пекин ҳам кирган.

Маълумот учун, шаҳарлар 200 дан ортиқ товарлар ва хизматлар, жумладан, уй-жой ижараси, жамоат транспорти, озиқ-овқат, кийим-кечак ва кўнгилочар хизматлар қиймати бўйича баҳоланади.

Ўзбекистондаги мактабларда жами 510 046 нафар ўқитувчи фаолият юритади. Уларнинг 90,1 фоизи олий маълумотли.

Фото: «Халқ сўзи»

Жами ўқитувчиларнинг 53,1 фоизи қишлоқ мактабларида ва 46,9 фоизи шаҳар мактабларида фаолият юритиб келмоқда. Улар орасида:

  • ўрта махсус маълумотлилар — 9,9 фоиз;
  • олий маълумотлилар — 90,1 фоиз.

Ўтган йили Ўзбекистонга 1 881 345 нафар сайёҳ келган — Туризм вазирлиги.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги мутасаддилари матбуот анжуманида тақдим этган маълумотларига кўра, 2021 йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 1 881 345 нафарга етган. Туристик хизматлар экспорти 422,1 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Фото: «Bugun.uz»

«2021 йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 1 881 345 нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 422,1 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Пандемиядан сўнг ички туризмни тиклаш ва аҳолининг тизимли саёҳатларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Статистик маълумотларга мувофиқ, 2021 йилда ҳудуд, яъни вилоятлар, Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикасидан ташқарига чиққан аҳолининг сафарлари сони қарийб 6 миллион нафарга (5 миллион 813,9 минг) етди», — деди вазир ўринбосари Ботир Шаҳриёров.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш учун бир марталик ёрдам пули (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида – 9 миллион 200 минг сўм) берилади.
  • Қашқадарёда 23 ёшли бухоролик ЙПХ ходимини машина уриб кетди. Унга оғир мия шикастланиши, бош мия ўзагининг оғир даражада лат ейиши ва бошқа оғир жароҳатлар билан ташхис қўйилган. Қарши шаҳридаги тез ёрдам марказида тез орада жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кутилмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Россия 5 ойдан бери Донбассни «озод» қилолмаяпти, аммо Путин урушнинг якуний мақсади шу эканини айтди.

Фото: «РИА Новости»

Россия президенти Владимир Путин 29 июнь куни Каспий саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Украинадаги «махсус ҳарбий операцияси»нинг якуний мақсади ҳақида гапирди.

«Якуний мақсад Донбассни озод қилиш ва Россиянинг хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратишдир», — деган Путин.

У «махсус операция»нинг тугаш вақти ҳақида гапириш фойдасиз эканини қўшимча қилган.

«Вақт ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, бу ҳаёт. Бу жараён реал. Баъзи муддатларга мослашиш нотўғри бўлади. Операциянинг тугаши жанговар ҳаракатлар шиддати билан боғлиқ. Интенсивлик эса бевосита мумкин бўлган йўқотишлар билан ўлчанади», — дея тушунтирган у.

Маълумот учун, Путиннинг топшириғи билан 24 февраль куни Украинада «махсус операция» бошланган. Аммо ҳалигача Путин ўз мақсадига етолгани йўқ. Қаерга биринчи етиб олиши эса номаълум: ё гўрга, ё «ғалаба»га.

Қирғизистон Хитойга қарзини тўламаса, айрим объектлар ХХР назоратига ўтиши мумкин.

Фото: Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаровнинг сўзларига кўра, гап Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин электр тармоғи ва қурилаётган муқобил шимоли-жанубий автомобиль йўли ҳақида кетмоқда.

«Бу сўзлар қўрқитиш учун айтилмаяпти. Хитой Экспорт-импорт банки бошқарув компаниясини жорий этиши мумкин ва объектлар унинг назоратига ўтади. Шунинг учун бўйнимиздаги илмоқлардан халос бўлишимиз керак. Биз ягона байроқ остида бирга ишлаб, мустақиллигимизни сақлаб қолишимиз зарур. Иқтисодий нуқтаи назардан омон қолишимизга ишонаман», — деган Жапаров.

Унинг аниқлик киритишича, беш йил ичида Қирғизистон 30–50 миллиард сом давлат қарзини тўлаши керак, ташқи қарз эса 80 фоизни ташкил қилади. Тўловларнинг ярмидан кўпи Хитойга тўғри келади. Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг объектларни бошқа давлатга ўтказиш ҳолатлари Покистон ва Шри-Ланкада содир бўлганини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Жамият, Жиззах12:51 | 19.8.22
Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Жамият11:30 | 19.8.22
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади