Исроилда дунёдаги энг қадимий масжидлардан бири топилди — видео
Исроиллик археологлар Рахат шаҳрида дунёдаги энг қадимий масжидлардан бирини топди. Бу ҳақда «Al Arabiya» хабар берди.

Мутахассислар масжиднинг ёши 1300 йил бўлишини тахмин қилмоқда. Пойдеворга қўйилган қадимий кулолчилик эрамизнинг VII асрига тўғри келади. Археологлар кичик ибодатхонани, шунингдек, яқин атрофда жойлашган Византия давридаги қишлоқ уйини топишга муваффақ бўлган. У ерда топилган буюмларга қараганда, уйда насронийлар яшаган.
«Ушбу топилманинг ўзига хослиги шундаки, у бизга VII-IX асрларда бу ҳудудга янги аҳоли ва янги дин келишини кўрсатади. Бу Исроил заминида ўша даврнинг насронийликдан исломга ўтиш тенденцияларини исботлайди», — деган Исроил қадимий ашёлар бошқармаси тадқиқотчиси Орен Самуэли.
Таъкидланишича, археологлар 2019 йилда, ҳозирги қазишмалар жойидан тахминан икки километр узоқликда, эрамизнинг VII-асрига оид яна бир масжид қолдиқларини топган. У исломнинг илк даврида қурилган ва дунёдаги энг қадимий масжидлардан бири сифатида ҳам тан олинган.
Аввалроқ Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжиднинг қурилиш ишлари бошланганди.




