Наманганда юк, Қашқадарёда эса енгил машина ёниб кетди
Вилоят ФВБлар ҳолат бўйича маълумот берди
Наманган вилояти Мингбулоқ туманида 28 июнь куни «Mercedes-Benz 817» юк машинаси ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, соат 11:13 Қўғаликўл маҳалласи ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси орқали 320 дона пресланган сомонларини олиб кетаётган бўлган. Шу пайтда автомобиль маҳаллий электр симларига тегиб кетиш натижасида ёнғин содир бўлган.
Ёнғин оқибатида техника тўлиқ ҳолда ва 200 дона престланган сомонлари ёниб зарарланган. Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани эса 29 июнь куни «Лада» автомашинасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда воқеа гувоҳлари туман фавқулодда вазиятлар бўлимига соат 14:38 да хабар берган. Қутқарув хизматидан 1 та бўлинма воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни соат тахминан 15:05 да тўлиқ бартараф этган.

Маълум бўлишича, автомобиль ҳаракатланаётган бўлган ва тўсатдан ёнғин чиққан, автомобилда бирламчи ёнғин ўчириш воситаси бўлмаган. Ёнғин туфайли автомобиль тўлиқ зарар кўрган, ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Моддий зарар аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Тўрткўл туманида 8 июнь куни ичида 57 киши бўлган автобусда ёнғин содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.