Ўзбекистонга 2021 йилда қанча сайёҳ ташриф буюргани маълум бўлди
Туристик хизматлар экспорти бир йилда 422 млн доллардан ошган
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 30 июнь куни Туризм ва маданий мерос вазирлигининг шу даврга қадар амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Унда Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботир Шаҳриёров, вазирлик марказий аппарати бошқарма бошлиқлари, вазирлик ҳузуридаги ДУК (давлат унитар корхоналари) раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Вазир ўринбосари ўз нутқида соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, туризм йўдналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб этиш йўлида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган кўрсаткичлар бўйича атрофлича маълумот берди.
«2021 йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 1 881 345 нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 422,1 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Пандемиядан сўнг ички туризмни тиклаш ва аҳолининг тизимли саёҳатларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Статистик маълумотларга мувофиқ, 2021 йилда ҳудуд, яъни вилоятлар, Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикасидан ташқарига чиққан аҳолининг сафарлари сони қарийб 6 миллион нафарга (5 миллион 813,9 минг) етди», — деди Шаҳриёров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга 2022 йил апрель–май ойларида 772 минг 800 нафар ташриф буюрган. Мамлакатга энг кўп Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан сайёҳлар келган.