Видео: Зомин миллий табиат боғида бургут тутқунликда ушлаб турилгани аниқланди
Жиззах вилояти Экология бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди
Жиззах вилояти Зомин туманидаги миллий табиат боғи ҳудудида бургут тутқунликда сақланаётгани аниқланди. Вилоят Экология бошқармаси 29 июнь куни боғ инспекторлари билан бирга ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.

Ўрганиш ишлари давомида мазкур йиртқич қуш — бургут Ўзбекистоннинг «Қизил китоб»ига киритилгани аниқланиб, қушни овлаш, табиатдан ажратиб олиш, тутқинликда сақлаш ва ўлдириш таъқиқланиши маълум бўлди.
Давлат инспекторлари томонидан қуш зудлик билан тутқинликдан озод этилди ва табиат қуйнига қайтарилди. Қушни овлаб, тутқинликда сақлаган фуқаро Ш.М.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан тегишли чоралар кўрилди.
Аввалроқ Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор давлат қўриқхонасида «Қизил китоб»га киритилган 100 дан ортиқ балиқлар овлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда браконерлар «Қизил китоб»га кирган кийик ва қуёнларни ўлдириб, гўштини бўлаклагани хабар қилинган.