21:37 | 01.07.22 256

ИИВ Нукусда бўлиб ўтган ноқонуний намойишлар бўйича маълумот берди

Ҳозирда жамоат тартиби тиклангани айтилган

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1 июль куни фуқаролар намойишлари бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, соат тахминан 15:00 дан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар, республикада амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари оқибатида кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилиб, Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан жамоат тартибини бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.

Ҳозирда жамоат тартиби тикланиб, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.