Ўзбекистонда парламент назорати самарадорлигини оширишнинг янги институтлари жорий этилади

Республикада сўнгги йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар давлат ҳокимияти тизимида олий вакиллик органи — парламентнинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирмоқда.  25 июнь куни матбуотда эълон қилинган «‘Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги Қарори ушбу йўналишдаги муҳим қадам бўлди.

Умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган лойиҳада жами 128та модданинг тенг ярми, яъни 64та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Улар орасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат бошқарувини такомиллаштиришга оид жуда муҳим янгиланишлар борлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Парламент фаолиятини такомиллаштириш бўйича илгари сурилаётган муҳим ғоялар сифатида қуйидагиларни алоҳида қайд этиш жоиз:

  • 1. Конституцияда қонунчилик таклифларини киритиш институтини акс эттириш таклиф этилмоқда. Мазкур институт доирасида 100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаро ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш имкониятига эга бўлади. Шу асосда энди халқ бевосита қонун ижодкори сифатида ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади.
    Қайд этиш лозимки, ушбу институт ривожланган мамлакатлар амалиётида кенг қўлланилади. Унинг асосий мақсади – аҳолининг қонунчилик бўйича билдирган таклифларини тез ва самарали кўриб чиқиш имкониятини кенгайтириш;
    2. Лойиҳада қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари сонини кўпайтириш таклиф этилмоқда.
    Яъни, амалдаги Конституциямизнинг 83-моддасига кўра, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори эга. Лойиҳага кўра эса, қонунчилик таклифларини киритиш институтини Олий Мажлис Сенати, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига ҳам бериш таклиф этилмоқда. Ушбу учта субъект давлат бошқаруви соҳасида муҳим ваколатларга эга бўлиб, уларга ушбу ҳуқуқнинг берилиши улар томонидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни илгари суриш имкониятини кенгайтиради. Бу эса қонун ижодкорлигининг янада фаоллашишига ҳамда давлат ва жамият манфаатларига мос қонунларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшади;
  • 3. Таклиф этилаётган яна бир муҳим ўзгартиш бу ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратининг кучайтирилишидир.

Сўнгги йилларда парламент назорати таъсирчанлиги сезиларли даражада оширилди. Хусусан, ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратининг муҳим тури — мунтазам равишда ўтказиладиган “ҳукумат соати” институти жорий қилиниб, у амалда самарали қўлланилмоқда.

Бугунги кунга қадар ўнлаб маротаба «ҳукумат соати» ўтказилиб, уларда ҳукумат аъзоларининг аҳолини қийнаб келаётган, уларнинг мурожаатларида кўтарилган ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларига доир депутатларнинг саволларига жавоблари эшитилмоқда.

Ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлиги янада оширилди. 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳар чораклик ҳисоботини кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур амалиёт қарор топгандан буён Ҳукуматнинг ҳисоботлари қуйи палата мажлисларида кўриб чиқилди. Бу, Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириши баробарида, парламент аъзоларининг ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол қатнашишига хизмат қилмоқда.

Ижро ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг яна бир муҳим механизми бу жамоатчилик назоратининг такомиллаштирилишидир.

Шу боис, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш алоҳида вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Жамоатчилик ва парламент назоратининг кучайиб бориши ижро ҳокимияти органларининг конституциявий жавобгарлик институтини ҳам такомиллаштиришни талаб этади. Зеро, ушбу назорат шакллари бўйича аниқланган камчиликлар қандай бартараф этилади? Айбдор шахсларнинг жавобгарлиги қандай бўлади? каби саволларга жавоб топиш заруратга айланади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари устидан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши том маънода адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилади.

Хайитов Хушвақт Сапарбаевич,
юридик фанлар доктори, профессор

Хоразмлик аёл турмуш ўртоғига бир буйрагини берди
Янгиликлар15:41 | 29.11.22
Хоразмлик аёл турмуш ўртоғига бир буйрагини берди
Жиззахда отхона укасига берилганидан норози эркак унга ўт қўйди
Янгиликлар15:19 | 29.11.22
Жиззахда отхона укасига берилганидан норози эркак унга ўт қўйди
Ўзбекистонликлар Қозоғистонда 30 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин бўлади
Янгиликлар15:03 | 29.11.22
Ўзбекистонликлар Қозоғистонда 30 кунгача рўйхатдан ўтмасдан қолишлари мумкин бўлади
Тошкентда депутат маҳалла раисини сўкди — видео
Медиа, Янгиликлар14:32 | 29.11.22
Тошкентда депутат маҳалла раисини сўкди — видео
Эрон ҳукумати норозилик намойишларида қанча одам ҳалок бўлганини очиқлади
Янгиликлар14:08 | 29.11.22
Эрон ҳукумати норозилик намойишларида қанча одам ҳалок бўлганини очиқлади
Тошкентнинг аҳоли гавжум ҳудудларида 170 та «мини-поликлиника» иш бошлайди
Янгиликлар13:35 | 29.11.22
Тошкентнинг аҳоли гавжум ҳудудларида 170 та «мини-поликлиника» иш бошлайди