Бухородаги собиқ бозор ҳудудида ноёб деворий суратлар топилди — фото
Бухоро тарихий марказидаги собиқ Шаҳристон бозори ҳудудида ҳудудида ноёб деворий суратлар топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Нью-Йорк университети ҳузуридаги қадимги дунёни ўрганиш институти профессори Сорен Старк (New York University, Institute for the Study of the Ancient World, Soren Stark) бошчилигида бир гуруҳ тадқиқотчилар томонидан олиб борилган археологик тадқиқотлар якунланган. Унга кўра, бозор ҳудудидан қадимги ноёб деворий суратлар топилган.



Археологлар томонидан қазилган иккинчи хандақдан (Transheya II) деворий расмнинг маълум бир қисмлари деб тахмин этилаётган қолдиклар топилган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу деворий расмлар қолдиқлари Варахшадаги Бухорхудотлар саройидан топилган деворий расмлардан тахминан тўрт аср олдин ишланган.


Археологларнинг янги топилмалари фақат ушбу деворий расмлар билан якунлангани йўқ. Тадқиқотчилар ноодатий сирланган яшил от шаклидаги болалар ўйинчоғини ҳам топган. Кейинги йилларда ҳам ушбу ҳудудда археологик қазилма ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Аввалроқ Бухоро вилоятининг Когон туманидаги чўл ҳудудидан қадимги тарихий ғорлар топилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Термиз шаҳрида 15 июнь куни йўл қурилиши пайтида ўрта асрлар даврига тааллуқли 2 дона кўза топилганди. Ҳамда Сурхондарёда Салжуқийлар олтин динори топилганди. Ҳамда Сирдарёдан XI-XII асрларга оид иншоот қолдиқлари топилгани маълум қилинган.


