Тошкент вилоятида корхона давлат манфаатларига 5 млрд сўмдан ортиқ зарар етказди
Тошкент вилоятида корхона томонидан 26 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг бўлган табиий газ талон-торож қилинди. Бу ҳақда «Ўзнефтгазинспекция» матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 30 июнь куни Давлат хавфсизлиги хизмати Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекция» билан ҳамкорликда навбатдаги назорат тадбирини ўтказган. Тадбир давомида «Абдуллох Агро Файз» МЧЖга қарашли, Тошкент тумани Чувалачи МФЙ ҳудудида жойлашган иссиқхона ва паррандачилик цехи кўздан кечирилган. Шунда ҳеч қандай асослантирувчи ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан газ ҳисоблагич ўрнатмаган ҳолда 2 дона оҳак пишириш хумдонида 21 та қўлбола газ ёндиргич орқали табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келинаётгани аниқланган.

Газ таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Ҳисоб-китобларга асосан, мазкур корхона томонидан давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 5 миллиард 226 миллион 661 минг сўмни ёки 26 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг бўлган табиий газ талон-торож қилингани маълум бўлган.
Аввалроқ Наманганда тадбиркорнинг катта миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шунингдек, Самарқандда 1 ойда салкам 3 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқлангани маълум қилинган.