Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат даврида қандай чекловлар киритилиши маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев 2 июль куни «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни Президент матбуот хизмати сайтида эълон қилинди.

Нукус шаҳри
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Қайд этилишича, Конституциянинг 93-моддаси 19-банди ҳамда «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг 5–7-моддаларига мувофиқ, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон ҳудудида 3 июль куни соат 00:01 дан 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида соат 21:00 дан соат 07:00 га қадар комендантлик соати жорий этилади. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Қорақалпоғистон ҳудудининг комендатураси ташкил этилади ва унга «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонунида назарда тутилган барча ваколатлар берилади. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон ҳудудининг коменданти этиб тайинланади.

Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилади:

  • а) жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилади;
  • б) Қорақалпоғистон Республикасида ҳаракатланиш эркинлиги, шу жумладан транспорт воситалари учун чекланади;
  • в) жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар текширилиши, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилиши, улардаги ашёлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилиши таъминланади;
  • г) Қорақалпоғистонга кириш ҳамда ундан чиқиш чекланади;
  • д) тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланади;
  • е) юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади;
  • ж) қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқлансин, шунингдек, дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ҳамда этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилади;
  • з) жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиоактив моддаларнинг вақтинчалик олиб қўйилиши таъминланади.

Фавқулодда ҳолат режими шароитида ўрнатилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши учун маъсул этиб Қорақалпоғистон ҳудуди комендатураси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситалари белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, Нукус шаҳрида 1 июль куни бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистоннинг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганди. Жўқорғи Кенгес тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини маъмурий бинолар олдидаги майдонга йиғганини маълум қилганди.

Кейинчалик 2 июль куни Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига етиб бориб, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказганди. Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Президент «Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарур», — дея таъкидлаган.

Туғруқхонадаги ягона чақалоқ, қаровсиз итга ёрдам бераётган украиналик ҳарбий, сувда «сузаётган» эски машина — бугун суратлари
Жаҳон23:59 | 29.9.22
Туғруқхонадаги ягона чақалоқ, қаровсиз итга ёрдам бераётган украиналик ҳарбий, сувда «сузаётган» эски машина — бугун суратлари
Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида йиғимлар миқдори белгиланди
Жамият23:05 | 29.9.22
Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида йиғимлар миқдори белгиланди
Ўзбекистон халқаро рейтингларда юқорилади
Жамият22:43 | 29.9.22
Ўзбекистон халқаро рейтингларда юқорилади
Энергетика вазирлигига янги раҳбар тайинланди
Жамият22:35 | 29.9.22
Энергетика вазирлигига янги раҳбар тайинланди
Ўзбекистонда қўшимча Afrosiyob поездлари қатнови йўлга қўйилади
Жамият22:22 | 29.9.22
Ўзбекистонда қўшимча Afrosiyob поездлари қатнови йўлга қўйилади
Фарғонада сомон ортилган «Москвич» ёниб кетди
Жамият21:37 | 29.9.22
Фарғонада сомон ортилган «Москвич» ёниб кетди