Қорақалпоғистонга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг куч ва воситалари жалб этилади

Шавкат Мирзиёев 2 июль куни «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида»ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берилганди. Президент матбуот хизмати ҳудудга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг куч ва воситалари жалб этилишини маълум қилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати / Иллюстратив

Маълум қилинишича, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун аниқ таҳдид, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига ҳужум қилиш, уларнинг қурол ва техникасини эгаллаб олиш ҳолатларини инобатга олиб қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилади:

  • Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режимини таъминлаш;
  • аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспортнинг ҳаракатланишини таъминловчи объектларни ҳамда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи, шунингдек, атроф-муҳит учун юқори хавф туғдирадиган объектларни муҳофаза қилиш;
  • қурол, жанговар ва махсус техника қўлланилган ҳолда зўравонлик ҳаракатлари билан бирга юз берадиган тўқнашувларда иштирок этаётган қарама-қарши курашаётган тарафларни ажратиш;
  • қонунга хилоф қуролли тузилмалар фаолиятига чек қўйишда иштирок этиш;
  • Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг кучлари таркибида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда, шунингдек одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишда иштирок этиш.

Комендант Рустам Жўраев манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қорақалпоғистон ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқ тартиботни сақлаш, шунингдек, «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонуни талабларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун барча зарур чораларни кўради.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ушбу фармон билан ўрнатилган чора ва вақтинчалик чекловларнинг амалга оширилишида қонунийликка риоя этилишини таъминлайди. Вазирлар Маҳкамаси маҳкаманинг захира фонди ва бошқа давлат манбаларидан фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратади.

Мазкур фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистоннинг бош вазири Абдулла Арипов ва Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов зиммасига юкланади.

Эслатиб ўтамиз, Нукус шаҳрида 1 июль куни бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистоннинг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганди. Жўқорғи Кенгес тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини маъмурий бинолар олдидаги майдонга йиғганини маълум қилганди.

2 июль куни Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига етиб бориб, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказганди. Давлат раҳбари мурожаат давомида Нукусда бўлиб ўтган намойишлар ҳақида гапирган.

«Шу муносабат билан қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлашни зарур, деб ҳисоблайман. Халқимиз ҳукмига ҳавола этилган мазкур конституциявий қонун лойиҳаси ҳали қабул қилинмаган, умумхалқ муҳокамасига қўйилган, холос.

Яна бир бор таъкидлайман: фуқароларимизнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгаради ва такомилига етказилади», — деган Президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Нукусдаги учрашув давомида барча муҳокамалар демократия ва ҳуқуқий мезонлар асосида амалга оширилиши зарурлигини қайд этган. Президентнинг айтишича, Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистон биргаликда қурилади.

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди
Жамият19:09 | 17.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди