Қозоғистон ТИВ Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди
«Қўшни дўст мамлакатдаги воқеалар хавотир билан қабул қилинди», дейилади муносабатда
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Баёнотга кўра, Ўзбекистон Қозоғистоннинг қардош давлати, ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори экани ҳисобланади.
«Шу боис Қозоғистонда қўшни дўст мамлакатдаги воқеалар хавотир билан қабул қилинди. Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Энг муҳим сиёсий воқеа – Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига ишончимиз комил», дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, Нукус шаҳрида 1 июль куни бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистоннинг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганди. Жўқорғи Кенгес тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини маъмурий бинолар олдидаги майдонга йиғганини маълум қилганди.
Кейинчалик 2 июль куни Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига етиб бориб, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказганди. Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Президент «Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарур», — дея таъкидлаган.