Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид қисми ўзгаришсиз қолади
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида шу тўхтамга келинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 4 июль куни бўлиб ўтади. Унда Конституциянинг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилиб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Йиғилишда таъкидланишича, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришда фуқароларнинг фаоллиги ортиб бораётганлиги, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётгани умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддати 2022 йил 15 июлгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилган.
Шунингдек, умумхалқ муҳокамаси давомида лойиҳа юзасидан Қорақалпоғистон аҳолисидан келиб тушаётган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан Шавкат Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирган таклифларини инобатга олиш зарур деб топилган. Яъни, Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилиб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ деб топилган.
Эслатиб ўтамиз, Нукус шаҳрида 1 июль куни бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистоннинг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганди. Жўқорғи Кенгес тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини маъмурий бинолар олдидаги майдонга йиғганини маълум қилганди.
Кейинчалик 2 июль куни Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига етиб бориб, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказган. Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Президент «Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарур», — дея таъкидлаган.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон аҳолисига Конституциядаги тегишли моддалар ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида хабар берилган.