Қонунчилик палатасида Конституция муҳокамаси узайтирилганига муносабат билдирилди
Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид қисми ўзгаришсиз қолгани ҳамда лойиҳанинг муҳокама муддати узайтирилгани хабар қилинганди. Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ҳамда «Миллий тикланиш» фракцияси раиси Алишер Қодиров ушбу ўзгаришлар юзасидан фикр билдирди.

Жаҳонгир Шириновга кўра, бу Конституциявий қонун лойиҳасини халқ билан яна бир бор атрофлича муҳокама қилиш, берилган таклиф ва мулоҳазаларнинг барчасини тизимли равишда таҳлил қилиш имкониятини беради.
Алишер Қодиров эса қонун лойиҳаси халқнинг фикрини билиш учун муҳокамага қўйилгани, халқнинг ҳар бир айтган гапига қулоқ солинаётгани, фикрлари инобатга олинаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, муҳокама муддати кам экани бўйича депутатларда хавотир бўлган, унинг яна 10 кунга узайтирилиши эса ўринли таклиф бўлган.
Мажлисда қўмиталарга иш услубини янада такомиллаштириш, комиссия аъзоларидан фаолликни ошириш ва Конституциявий лойиҳа бўйича таклифларни ҳар куни ОАВда эълон қилиш таклиф қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Нукус шаҳрида 1 июль куни бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистоннинг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганди. Жўқорғи Кенгес тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини маъмурий бинолар олдидаги майдонга йиғганини маълум қилганди.
Кейинчалик 2 июль куни Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига етиб бориб, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказган.
Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Президент «Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарур», — дея таъкидлаган.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон аҳолисига Конституциядаги тегишли моддалар ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида хабар берилган.


