Қорақалпоғистон оқшоми. Оқибатлар, рақамлар ва дунё ҳамжамияти муносабати

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестимиз олдингиларидан бироз бошқачароқ бўлади (дунёнинг ўзи шундай бўлиб боряпти, ўзгаряпти, Президент айтганидек, таҳликали бўлиб боряпти) — бир мавзуга кўпроқ эътибор берилади, чунки куннинг актуал мавзуси ҳам шу — Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар. Материалнинг бошида ушбу мавзуга алоқадор бўлмаган хабарларни бериб, кейин Қорақалпоғистон масаласига тўхталамиз (улар орасида муносабатлар, оғир оқибатлар ва ҳоказолар бор, хуллас, эринмасангиз, биринчи хабарларни ўқиб, бўлмаса, материалнинг пастроғига тушинг, раҳмат).

Ҳафта давомида Ўзбекистонда (нисбатан) салқин, мўътадил ҳаво бўлиши кутиляпти.

Фото: «Bugun.uz»

Синоптикларнинг (ҳаётни қийинлаштирмасдан айтиш мумкин: «Ўзгидромет») маълумотларига кўра, Республика шимолида Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массаси кириб келиши бошланади ва ҳарорат 26–31 даражагача пасаяди. Сешанба куни ҳаво массасининг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Ҳаво ҳарорати кундузи 30–35 даражадан юқори бўлмайди.

6 июлдан 8 июлгача Ўзбекистон бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 6–7 июль кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари 17–22 даража, кундуз кунлари 30–35 даража атрофида, жанубда 37–39 даражагача бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қурбон ҳайити намози ўқилмаслиги ҳақидаги хабарларни рад этди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намози ўқилмаслиги, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси эълон қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Идоранинг маълум қилишича, мазкур хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга мос келмайди. Тармоқларда тарқатилаётган пандемия даврида — 2021 йил июль ойида эълон қилинган маълумот қайта тарқатилмоқда. 2022 йил учун бундай фатво чиқарилмаган.

Аммо Ўзбекистоннинг ажралмас бир қисми бўлган Қорақалпоғистонда эълон қилинган фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати туфайли у ерда Қурбон ҳайити намози ўқилмаслиги мумкин. Бу бўйича ҳали расмий маълумот берилгани йўқ, аммо Президентнинг тегишли фармониига билан ҳудудда оммавий йиғилишлар тақиқланган.

Энди (фақат) Қорақалпоғистон ҳақида

Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид қисми ўзгаришсиз қоладиган бўлди. Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси яна 10 кунга — 15 июлгача узайтирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 4 июль куни бўлиб ўтди. Унда Конституциянинг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилиб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Фото: Yandex Images

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган таклифни (ушбу моддалар қабул қилинмаслиги ҳақида гапирганди) инобатга олиш зарур деб топилган ва бош қомуснинг Қорақалпоғистонга оид қисми ўзгаришсиз — амалдаги таҳрирда қолиши мақсадга мувофиқ деб топилган.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддати 2022 йил 15 июлгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилган.

Оғриқли оғир рақамлар: тартибсизликлар давомида 245 киши, жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими жароҳатланган, 18 киши вафот этган.

Фото: «Газета.uz»

Бош прокуратура бўлим прокурори Аброр Маматов оммавий тартибсизликлар давомида 18 нафар фуқаро вафот этганини маълум қилди. Бундан ташқари, ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра, жами 245 нафар шахсга, жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган.

Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров 4 нафар ҳар хил статусдаги Миллий гвардия ходимлари турли даражадаги жароҳат олиб, даволанаётганини айтган.

https://t.me/bugunuzlive/44883

Даврон Жуманазаров 1–2 июль кунлари тартибсизликларда катнашгани учун воқеа жойларида ушланган 516 нафар фуқаро ИИБга топширилганини қайд этди. Таъкидланишича, ҳозирда улар билан суриштирув ишлари олиб бориляпти, суриштирув натижасига кўра айримлари маъмурий чора кўлланилгандан сўнг кўйиб юбориляпти.

Бундан ташқари, фавқулотда ҳолат эълон қилингандан сўнг, 3 июлдан 4 июль ўтар кечаси комендантлик тартибини бузгани учун 110 нафар фуқаро кўчаларда бемақсад юргани учун ушланиб, ички ишлар идораларига топширилган. 12 автотранспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган.

Фото: «Bugun.uz»

Нукус шаҳрида ушланган 58 нафар шахсдан 28 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 204-моддаси (Фавқулодда холат тартибининг талабларини бузиш) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Қолганлар билан пррофилактика сухбатлар ўтказилиб, 7:00 дан кейин қўйиб юборилган.

Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбарининг қайд этишича, «Республикадаги барча озик-овкат дўконлари, бозорлар, нон чикарувчи корхоналар, биржа савдолари, банклар ва банкоматлар, шифохона ва бошка ижтимоий соҳа объектлар фаолияти тўлиқ олиб бориляпти. Аҳолига электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви бир маромда етказиб берилмоқда.

Бош прокуратура бўлим прокурори Аброр Маматов Қорақалпоғистонда намойишчилар ҳужум уюштирган бинолар ҳақида маълумот берди.

Фото: «kun.uz»

Унга кўра, 2 июль куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан хужум уюштирилиб, қурол-яроғлар тортиб олинган, «Нукус халқаро аэропорти»га, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган. 3 та юк машинаси ёқиб юборилган.

Бундан ташқари, Нукус шаҳар Спорт комплекси ёнидаги «Дўстлик» канали кўпригига, Нукус шаҳридаги кўплаб бино-иншоотлар ва йўл тўсиқларига ҳам талафот етказилган.

«Bugun.uz» ушбу оғриқли рақамлар ва маълумотларни бирлаштириб, видео ҳам тайёрлади.

«Ел хызметинде» газетаси муҳаррири Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан конституциявий тузумга тажовуз қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: «Kun.uz»

Прокурори Аброр Маматов Нукусда воқеалар қандай бошлангани ҳақида гапирди. Унга кўра, 1 июль куни соат 14:50 да «Ел хызметинде» газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов Telegram мессенжерининг «Makan.uz» канали орқали видеомурожаат йўллаб, унда фуқароларни 5 июль куни соат 17:00 да «Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб» Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган. Кейин мана шу ҳаммаси — оммавий тартибсизликлар бошланиб кетган. Қизиқ воқеа, тўлиқ ўқишни тавсия қиламиз — бу ерга ўтинг (дўппини бир чеккага қўйиб, иссиқ чойни дам келиб дегандек).

Ҳозирда қонун устуворлиги ва жазо муқарарлигини таъминлаш учун мазкур ҳолат юзасидан 2 июль куни Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари Бош прокуратура раҳбарлигида тузилган ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ, Миллий гвардия масъул ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси ишдан олингани рад этилди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурод Камолов лавозимини тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалган. «Нигоҳ» манбаси маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.

Қорақалпоғистондаги воқеаларга дунё ҳамжамиятининг муносабати

Европа иттифоқи ва Европа кенгаши. Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда кенгаш президенти Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида қайд этган. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўраган.

Шарль Мишель
Фото: AFP

Европа Иттифоқи ҳам ушбу воқеаларга муносабат билдириб, қурбонлар ва инсонлар ҳаётини йўқотишдан чуқур афсусдалигини қайд этган. Шунингдек, Президент Мирзиёев томонидан таклиф этилаётган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш юзасидан жамоатчиликнинг хавотирларига тезкорлик билан муносабат билдириш бўйича кўрилган чораларни эътироф этган.

ШҲТ. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдириб, Ўзбекистон ҳукуматинин қўллаб-қувватлади. Тузилма Ижроия қўмитаси Конституцияга зид кўринишлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни қоралаб, барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни сақлаш тарафдори эканини билдирган.

Фото: «Халқ сўзи»

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, кўп миллатли Ўзбекистондаги барча халқларнинг миллатлараро тотувлиги ва тинч-тотув яшаши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланган.

Россия. Мамлакат президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков воқеаларга муносабат билдирди. Унга кўра, бу Ўзбекистоннинг ички иши ва Кремль Ўзбекистон ҳукуматининг фаол ҳаракатлари билан муаммолар ҳал этилишига шубҳа қилмайди.

Фото: «РИА Новости»

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу бўйича алоҳида баёнот бериб, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлаган. Ва булар мамлакатнинг ушбу ҳудудидаги вазиятни тўлиқ нормаллаштиришга ҳисса қўшишига Россия ТИВнинг ишончи комил. Муносабатда, шунингдек, Россия ТИВ ҳар қандай муаммони кўча тартибсизликлари билан эмас, балки қонун доирасида ҳал этиш тарафдори экани қайд этилган.

Қозоғистон. Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Қозоғистон президенти давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда қонунга зид хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг кеча эълон қилинган муносабати бу ерда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қирғизистон. Давлат раҳбари Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ҳам телефон орқали гаплашди. Жапаров Ўзбекистонда кечаётган воқеаларни катта ташвиш билан қабул қилганини таъкидлаган. У ўз вақтида, қатъий ва келишилган ҳаракатлар туфайли Қорақалпоғистонда вазиятнинг нормаллашишини таъминлаш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймасликка эришилганини алоҳида эътироф этган.

Тожикистон. Мамлакат президенти Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатда унинг Қорақалпоғистон Республикасида барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид хабарларни биринчилардан ўқиб бориш учун Telegram’даги «Bugun — Live» каналига уланишни тавсия қиламиз. Албатта, у ерда фақатгина ушбу мавзу билан чекланмаймиз, бутун Ўзбекистон ва дунёда содир бўлаётган воқеалардан ҳам қисқа форматда танишиб борасиз.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди
Жамият19:09 | 17.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди