12:20 | 04.07.22 887

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар вақтида қанча киши жароҳатлангани маълум бўлди

Шунингдек, ИИБ томонидан қанча фуқаро ушлангани айтилди

АОКАда 4 июль куни ўтказилган брифингда фавқулодда ҳолат даврида Қорақалпоғистон ҳудудининг комендатураси томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Брифингда Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров 1–2 июль кунлари тартибсизликларда катнашгани учун воқеа жойларида ушланган 516 нафар фуқаро ИИБга топширилганини қайд этди. Таъкидланишича, ҳозирда улар билан суриштирув ишлари олиб бориляпти, суриштирув натижасига кўра айримлари маъмурий чора кўлланилгандан сўнг кўйиб юбориляпти.

«1–2 июль кунлари оммавий тартибсизликлар натижасида 243 нафар фуқаро турли жароҳатлар билан шифохоналарга мурожаат қилган, уларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйида давом эттиришга рухсат берилган. Ҳозирда касалхоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда ва оғир аҳволда бўлганлари бор, шу жумладан, жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.

Масалан, Миллий гвардия Қорақолпоғистон Республикаси бўйича Қуриклаш бошқармаси сафдори кўкрак қисмидан ўқотар жароҳат олган, шу бошқарма яна бир сафдори чап оёк болдири суяги ёпик синиши, 1 нафари Жиззах Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий хизматчиси бош мия очик жароҳати ҳамда Тошкент шаҳри Миллий гвардия бошқармаси сержант ҳарбий хизматчи бош мия очик жароҳати билан даволанишяпти», — деди Даврон Жуманазаров.

Маълумот ўрнида, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1 июль куни соат тахминан 15:00 дан бошлаб айрим фуқаролар шаҳар Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирди. ИИВ ҳолат бўйича маълумот бериб, намойишчиларни амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилганини айтди. Вазирликнинг 1 июль соат 21:25 да эълон қилган маълумотида жамоат тартиби тиклангани алоҳида қайд этилган.

Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга етиб борди. Президент у ерда Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари унда Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, републикада 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фавқулодда ҳолат даврида қандай чекловлар киритилиши маълум бўлганди. Шунингдек, Қорақалпоғистон комендатураси амалга оширган дастлабки ишлар бўйича ҳисобот берилганди.