Самарқандда туризм кўчаларини боғловчи янги автобус йўналиши очилди
Самарқанд шаҳрида туризм кўчаларини боғловчи янги автобус йўналиши очилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, Президентининг «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги туризм кўчаларини бир-бири билан боғловчи янги – 1-сонли «Регистон майдони – Бозоров кўчаси» шаҳар йўналишли такси йўналиши очилган.
Таъкидланишича, ушбу йўналиш Самарқанддаги туризм масканларини гастрономик кўчалар билан боғлайди. Регистон майдонидан бошланган йўналиш Регистон, eниверситет хиёбони, Орзу Маҳмудов, Ўзбекистон, Жомий, Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбек, Огаҳий номи билан аталувчи кўчалар орқали Бозоров кўчасида якунланади.

Ушбу йўналишда «Changan MIDIBUS G60» русумли транспорт воситалари йўловчиларга хизмат кўрсатади. Йўл ҳақи 3000 сўмни ташкил қилади. Фуқароларни мамлакатнинг сайёҳлик потенсиали билан таништириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, замонавий хизмат инфратузилмасининг жадал ривожланиши туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мавзуга доир: Зотдор отлар боқиладиган клуб, 100 млн долларлик Янги Андижон шаҳарчаси ва туризм кўчаси — суратларда
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда туризм, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар қабул қилинганди.


