Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон орқали гаплашди
Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 4 июль куни телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Суҳбат аввалида Қозоғистон президенти давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда қонунга зид хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, шу жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика, маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш соҳаларида кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан кўп томонлама ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирганди. Баёнотга кўра, Ўзбекистон Қозоғистоннинг қардош давлати, ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори экани ҳисобланади.
«Шу боис Қозоғистонда қўшни дўст мамлакатдаги воқеалар хавотир билан қабул қилинди. Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Энг муҳим сиёсий воқеа – Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига ишончимиз комил», дейилганди муносабатда.


