Тошкентда аёл фарзандини машинада дунёга келтирди
Тошкент шаҳар Улуғбек шаҳарчасида аёл фарзандини машинада дунёга келтирди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қибрай туманининг Чинобод кўчасидан автомашинага чиққан ҳомиладор аёлда кутилмаганда тўлғоқ бошланган. Унга ҳамроҳ бўлган қайнанаси узоқдан тиббиёт муассасаси биносига кўзи тушиб, такси ҳайдовчисига ўша ерга олиб боришни айтган.
Пойтахтдаги Улуғбек шаҳарчаси 1-сон поликлиникаси ҳудудига «Матиз» русумли автомашинада олиб келинган ҳомиладор аёлга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишга киришилган. Бу вазиятда ҳар бир сония ҳисобли бўлгани ва туғуруқ жараёни аллақачон бошлангани боис аёлни шундоққина рўпарадаги ушбу муассаса биносига олиб ўтишга ҳам фурсат етмаган.
Поликлиника мудираси Ҳилола Жамилова автомобилнинг ўзида аёлга доялик қилишга киришган. Мутахассислиги акушер-гинеколог бўлган мудира ва унинг жамоаси саъй-ҳаракати ва қатъияти сабабли туғуруқ муваффақиятли амалга оширилган.
Шундан сўнг она ва бола соғлом ҳолда поликлиникага энг яқин ҳисобланган Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғуруқ комплексига мутахассис ҳамроҳлигида олиб борилган. Ҳозир она-боланинг аҳволи яхши, улар саломатлиги туғуруқ комплекси шифокорлари назорати остида.
Аввалроқ Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаси акушерлик комплексида етти килоли чақалоқ туғилгани хабар берилганди. Шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Ўзбекистоннинг Наманган шаҳрига учган самолёт бортида чақалоқ туғилгани маълум қилинганди.



