Бугун оқшоми. Термизга отилган снарядлар, Нукусдаги воқеаларни ёритишда қаршиликка учра(ма)ётган хорижий журналистлар, маданий меросга 4 млрд сўмлик зарар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қарши олинг, бизда янги рукн — «Кун матбуоти тарихи». Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев энди ҳар куни Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасини ўзбек матбуоти қандай ёритгани ҳақида ҳикоя қилади (бошқачароқ айтадиган бўлсак, «Кун матбуоти тарихи» ушбу «Бугун оқшоми»нинг янада каттароқ масштабдаги, тарихийроқ версияси). Материал ҳар кун соат тахминан 8:30 ларда эълон қилинади. Кутинг, кузатинг, фойдали ва қизиқарли мақола бўлади.

Зеро, тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.

Фото: «Bugun.uz»

«Кун матбуоти тарихи»нинг биринчи сони аллақачон эълон қилинди. Унда 1932, 1962, 1992 йилларнинг 5 июлида ўзбек матбуотида нималар ҳақида ёзилгани эсланган — Жон Кеннедига табрик, «жонини ҳам беришга тайёр ёшлар»нинг Сталинга мурожаати, WSJ муҳаррирининг Ўзбекистон таассуротлари. Ўзбек матбуоти 5 июлда нималар ҳақида ёзган?

Сурхондарёга Афғонистондан 5 та снаряд келиб тушди

Фото: «Bugun.uz»

Сурхондарёнинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудига 5 июль куни снарядлар келиб тушди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Соат 16:20 атрофида Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда Афғонистон ҳудудидан учиб кетган деб тахмин қилинган бешта ракета қулагани қайд этилди. Таъкидланишича, снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, оқибатда ҳеч ким ҳалок бўлмаган, вайронагарчиликлар кузатилмаган.

Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга кичик зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёр бирлиги томонидан зарарсизлантирилди.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг ваколатли органлари Афғонистон томони билан биргаликда ушбу ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

«Толибон» делегацияси Ўзбекистонга келди. Уларни Сардор Умурзоқов қабул қилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 4 июль куни Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги ўзбек–афғон ҳамкорлиги кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Суратга эътибор берилса, «Толибон» расмийлари олдига пиёла ҳам қўйилган, мезбон томонда бу кўринмайди Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Томонлар Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешавор транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини кўриб чиққан. Июль ойининг иккинчи ярмида темир йўл йўналиши бўйлаб дала тадқиқотларини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган. Ўзбекистон томони афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Қорақалпоғистонда кузатилган тартибсизликлар юзасидаги халқаро муносабатлар келишда давом этмоқда. Бу сафар Туркманистон ТИВ Ўзбекистон ҳукуматининг бу бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб қувватлади.

Фото: «Orient.tm»

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалардан хавотидалигини билдириб, Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Баёнотга кўра, Туркманистон Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда Конституциявий тузум ва ҳуқуқ-тартиботни, халқ хавфсизлиги ва тинчлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз вақтида ва қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

«Туркманистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси сифатида бу давлат билан қардошлик, дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталари билан боғланиб, унга зарур ёрдам ва кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдиради», дея қўшимча қилинган муносабатда.

Нукусда хорижий журналистларга воқеаларни ёритишга тўсқинлик қилинаётгани айтилди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси буни рад этди.

Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ижтимоий тармоқларда, айниқса халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари ўртасида Нукусда хорижий журналистларга воқеаларни ёритишга тўсқинлик қилинаётгани айтилган хабарларни рад этди.

Хусусан, TheEcnomist.com журналисти Жоанна Лиллис воқеаларни ёрита олмаётгани, техникалари олиб қўйилганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Аммо бу фейк, раис журналистнинг ўзи билан боғланган. Лиллис ҳеч қандай муаммо йўқлигини, фаолият олиб бораётганини билдирган.

Фейклардан сақланиш, уни ажрата олиш, яъни, метроларда ёзилганидек, огоҳлик — давр талаби.

Шароф Рашидов туманида ғалати ишлар бўляпти: йигитлар эркакни аёллар кийимида видеога олиб, уни тарқатмаслик эвазига катта миқдорда пул талаб қилди. Аввалроқ худди шундай воқеа аёл ва унинг интим видеоси билан содир бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

кийимида видеога олиб, уни тарқатмаслик учун 100 доллар ва 19 миллион 700 минг сўм пул беришини талаб қилган шахслар ушланди. 2001 ва 2002 йилларда туғилган шахслар ва уларнинг шериклари Бахмал туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқарони дала майдонига олиб бориб, уни аёллар кийимида видеога олган.Улар видеотасвирларни интернетда тарқатмаслик учун жабрланувчидан 100 доллар ва 19 миллион 700 минг сўм пул беришини талаб қилган, сўнг пулларни олиб қўйган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ ҳам вилоятнинг айни шу — Шароф Рашидов туманида аёлни интим видеосини ижтимоий тармоқларга тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилганлар ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

Умуман олганда, Ўзбекистон — «қизиқ ишлар» мамлакати (Худойберди Тўхтабоевнинг «Ширин қовунлар мамлакати» китоби эсингизга тушган бўлса ҳам ажаб эмас. Аммо бунга бошқа томондан қарасак, жуда кулгили ва ачинарли ҳолатлар буларнинг барчаси): Фарғонада профилактика инспектори пора сифатида балиқ олаётгани айтилди, ҳолат вилоят ИИБ томонидан назоратга олинган.

Наманган вилояти Уйчи туманидаги археологик ёдгорликка 3,9 миллиард сўм зарар етказилган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Уйчи тумани Пастгузар МФЙ, Беруний кўчасида жойлашган «Уйчи манзилгоҳи (БТ-3)» (маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган) археологик ёдгорлиги туман ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 1473-сонли қарорига асосан фуқаро Т.Д.га тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ноқонуний тарзда бериб юборилган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

2022 йилнинг апрель ойида тадбиркор мазкур тепаликни узунасига 53 метр, энига 40 метр, баландлиги 16 метр, жами 0.21,4 гектар майдонни техника ёрдамида ковлаб, маданий мерос объектини бузиб, катта миқдорда зарар — салкам 4 миллиард сўм етказган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан ҳолат ўрганилиб, тўпланган ҳужжатлар Наманган вилояти прокуратурасига қонуний чора кўриш учун юборилган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Уйчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ҳамда МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Россияда сайёрадаги ядровий портлашларни рўйхатга олиш маркази ишга тушди.

Фото: «Wikipedia»

Мамлакат Мудофаа вазирлиги бош геофизик мониторинг маркази 1 июлдан туну-кун навбатчилик қилишини маълум қилган. Марказнинг асосий вазифаларидан бири бутун дунё бўйлаб турли геосфераларда содир бўлган ядро портлашларини қайд этиш ҳисобланади. Қарор мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.

Луганск «озод қилингани»га қарамай Украинада «махсус операция» давом этади.

Фото: «BBC»

Россия президенти Владимир Путин Луганскни «озод қилган» ҳарбийларни табриклаб, улар дам олиши кераклигини таъкидлаган.

«Фаол жанговар ҳаракатларда қатнашган ва Луганск йўналишида муваффақиятга эришган, ғалаба қозонган бўлинмалар, албатта, дам олиши, жанговар имкониятларини ошириши керак, Бошқа бўлинмалар, жумладан, Шарқ ва Ғарб гуруҳлари ўз вазифаларини аввалдан тасдиқланган режага мувофиқ бажаради», — деган Россия президенти.

Ташқарига чиқиб кўринг, ҳаво салқин, жудаям ёқимли. Нафақат, ёқимли, балки ташқарида 21 аср ҳавоси. Лекин айрим давлатлар (жумладан Россия) ўзини тарихда қолгандек ҳис қилишда давом этмоқда.

Афғонистонда яна бир «қизиқ қарор»: Афғонистонда спорт залларда эркаклар ўсмирлар билан бир вақтда машқ қилиши тақиқланди.

Фото: «Aamaj news»

Ҳиротдаги спорт заллари эгаларидан вазиятни назоратга олиш сўралган. «Толибон» ҳаракати спорт залларда эркакларни 18 ёшгача бўлган ўсмирлар билан бир вақтда машқ қилишини тақиқлади. Фитнес ўқитувчилари ташриф буюрувчиларни 3 ёш тоифасига бўлиши керак: 18 ёшгача, 18–21 ёш ва 21 ёшдан катта.

Шу билан бирга, «Толибон» ҳаракати машғулотлар пайтида мусиқа тингламаслик, деворлардан бодибилдингчиларнинг плакатларини олиб ташлашни буюрган. Бундан ташқари, эркаклар ибодат қилиш учун танаффус қилиши зарурлиги келтирилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
Жамият23:52 | 6.10.22
Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Жамият, Тошкент ш.23:13 | 6.10.22
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Жаҳон22:51 | 6.10.22
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
Жамият22:35 | 6.10.22
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Жаҳон22:04 | 6.10.22
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди
Жамият21:44 | 6.10.22
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди