Наманганда археологик ёдгорликка салкам 4 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди — фото
Наманган вилояти Уйчи туманидаги археологик ёдгорликка 3,9 миллиард сўм зарар етказилган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги «Bugun.uz»га хабар берди.

Келтирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-қарорига асосан маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган республика тоифасидаги Уйчи тумани Пастгузар МФЙ, Беруний кўчасида жойлашган «Уйчи манзилгоҳи (БТ-3)» археологик ёдгорлиги бўлишига қарамай, туман ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 1473-сонли қарорига асосан фуқаро Т.Д.га тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ноқонуний тарзда бериб юборилган.


2022 йилнинг апрель ойида Т. Д. мазкур тепаликни узунасига 53 метр, энига 40 метр, баландлиги 16 метр, жами 0.21,4 гектар майдонни техника ёрдамида ковлаб, маданий мерос объектини бузиб, катта миқдорда зарар етказган.

Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан ҳолат ўрганилиб, тўпланган ҳужжатлар Наманган вилояти прокуратурасига қонуний чора кўриш учун юборилган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Уйчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ҳамда МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода археология ёдгорлиги ери экин майдонига айлантирилгани аниқланганди. Шунингдек, Бухорода мадраса ҳудуди қўйхонага айлантирилгани айтилган хабарлар тарқалган.




