18:00 | 05.07.22 184

«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев «SOCAR» компанияси раҳбари Ровшан Нажаф билан музокаралар ўтказди

Раҳбарлар жамият фаолияти билан танишиб, ҳамкорликнинг истиқболли натижаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган Озарбайжон Республикасининг нефть соҳасидаги «SOCAR» давлат компанияси президенти вазифасини вақтинча бажарувчиси бўлган Ровшан Нажаф «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолияти билан танишди.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати

«Ўзбекнефтгаз» Аж Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Ровшан Нажафга аввало ташрифи учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Жамият фаолияти билан таништирди.

Учрашув давомида нефть-газ соҳасида истиқболли ҳамкорлик ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли натижалари муҳокама қилинди.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати

Дастлаб томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар ва уларни жадаллаштириш механизмларини кўриб чиқди.

Хусусан, имзоланган қўшма «Йўл харита»лари ва келишувларнинг ижроси жараёнига эътибор қаратилди. Учрашувда томонлар нефть-газ ва кимё саноатида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш хусусан, технологиялар ва профессионал тажриба алмашиш имкониятларига ҳам алоҳида тўхталиб, лойиҳаларни биргаликда ўрганиш бўйича дастлабки келишувга эришди.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси илмий тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ишланмалари бўйича дунёнинг етакчи ташкилотларидан бири бўлган “НИПИ Нефтегаз SOCAR” илмий тадқиқот институтининг хизматлари ва узоқ йиллик муваффақиятли фаолиятини, шунингдек, 1959 йилда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини лойиҳалашда иштирок этганини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга, «НИПИ Нефтегаз SOCAR» ва «ЎзЛИТИнефтгаз» ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

Озарбайжон делегацияси аъзолари «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг Моделлаштириш маркази ва Марказий ишлаб чиқариш-диспетчерлик бошқармасининг юқори даражада йўлга қўйилган ишлари билан танишди.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати

Шунингдек, учрашув давомида «SOCAR» ходимларини жойларга чиқиб «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг газ-кимёси соҳасидаги муваффақиятли тажрибаси билан таништириш, ва «SOCAR» компанияси кўмагида Ўзбекистон Республикаси нефть-газ ва нефть-газ-кимё маҳсулотлари экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Якунида томонлар раҳбарлари бир-бирларига доимий қўллаб-қувватлаш ва компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати

Маълумот учун: Озарбайжон Республикасининг Давлат нефть компанияси (Озарбайжон Республикасининг Давлат нефть компанияси, қисқартирилган «SOCAR») нефть ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, транспортировка қилиш, нефть ва нефть маҳсулотларини ички ва халқаро бозорларда сотиш, нефть ва газ қувурларини қуриш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланади.