Тошкентда «Hyundai Santa Fe» уриб юборган эркак воқеа жойида ҳалок бўлди
Тошкентнинг Яккасарой туманида «Hyundai Santa Fe» уриб юборган эркак воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 05 июль куни соат тахминан 00:05 да туманнинг Шота Руставели кўчасида 1979 йилда туғилган ҳайдовчи З.Ю. «Hyundai Santa Fe» русумли автомашинада ҳаракатланиб, белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.
Зарба натижасида пиёда йиқилган ва бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган, 1983 йилда туғилган ҳайдовчи М.Х. бошқарувидаги «Toyota» русумли автомашина тагида қолиб кетган.
Оқибатда 1980 йилда туғилган В.С. олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғона вилояти Боғдод туманида 11 июнь куни «Nexia» дарахтга урилиб, автомобилдаги 3 йигит ҳалок бўлганди. Шунингдек, Андижонда «Tico» ЙТҲ оқибатида иккига бўлиниб кетганди.



