Тошкентда кичик ёшли болада тиббиёт талабларига мос бўлмаган уқалаш амалга оширилди — видео

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида кичик ёшли болани жисмоний оғритиб, тиббиёт талабларига мутлақо мос бўлмаган уқалаш муолажаси амалга оширилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада тасвирга олингани айтилган бу хатти-ҳаракатлар жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган. Вазирликка кўра, видеолавҳадаги уқалаш сеанси Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада эмас, балки ушбу муассаса биносининг хусусий корхонага тегишли бўлган қисмидаги хоналардан бирида амалга оширилган.

Массаж муолажасини бажарган шахс Б.З. билан суҳбатда у мазкур фаолият билан шуғулланиш учун тегишли рухсатнома ва сертификатга, қолаверса, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга эмаслигини маълум қилган. Шу боис вазирлик юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Ўз навбатида, Б.З.нинг хатти-ҳаракатларига тиббий баҳо бериш мақсадида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг хулосалари олинган.

«Болалар ортопедияси амалиётида уқалаш муолажалари кенг қўлланилади ва бунинг қатъий қоида ҳамда талаблари мавжуд. Мазкур жараёнда касаллик тури, боланинг ёши ва ҳолати ҳисобга олиниб, ҳар бир беморга индивидуал ёндашилиши зарур.

Аммо энг муҳим талаблардан бири уқалаш муолажаси чоғида кичик ёшли беморда қўрқув бўлмаслиги шарт! Аммо видеолавҳада бола стресс ҳолатида эканини кўрдик. Ҳатто ёнида яқини ўтирганига қарамай, тинимсиз йиғлаб, безовта бўлмоқда. Бу унинг нафақат жисмоний саломатлиги, балки руҳиятига ҳам жуда ёмон таъсир кўрсатади. Қисқа қилиб айтганда, тиббиётда бундай уқалаш муолажасига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», — деган Болалар ортопедияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Аҳрор Жўраев.

Болалар травматологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Искандер Ходжанов ҳам мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрини билдирган.

«Массаж муолажалари оҳиста бошланиб, юқори даражага кўтарилгач, яна оҳисталик билан тугаши керак. Лекин биз видеода бунинг бутунлай аксини кўрдик. Бундай ҳолатларда уқалаш муолажасидан сўнг пайлар жароҳатланиши ва ҳатто суяклар синиши кузатилиши мумкин.

Массаж жараёнида оғриқ синдроми пайдо бўлса, бу кучли қўрқувни келтириб чиқаради. Ушбу ҳолат эса кейинчалик зарарланган бўғимларнинг умрбод ишламай қолиши, яъни контрактура пайдо бўлишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, видеолавҳадаги муолажа усулини бугунги кун тиббиётига бутунлай ёт, деб ҳисоблайман», — деган у.

Илмий ишлар буйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Мурат Салиевга кзра, уқалаш муолажаси билим, маҳорат ва тажриба талаб этади. Шу сабабли ота-оналар бундай даволаш сеанслари учун айнан шу соҳага ихтисослашган профессионал тиббиёт ходимларига мурожаат қилишлари лозим.

«Видеолавҳадаги хатти-ҳаракатларга келсак, бу тиббий уқалаш муолажаси стандартларига мутлақо тўғри келмайди. Гап инсон, айниқса, жондан азиз фарзандларимиз саломатлиги ҳақида кетар экан, бу каби ҳолатларга асло кўз юмиб бўлмайди, деган фикрдаман», — дейди у.

Айни пайтда ҳолат юзасидан текширув ишлари давом эттирилмоқда ва уларнинг натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.

Аввалроқ ССВ Қашқадарёда номаълум касалликдан вафот этган икки боланинг ўлим сабабини аниқлаганди.

Одамлардан яратилган улкан минора, итларга сув сепаётган роҳиб, Париждаги мода ҳафталиги — бугун суратлари
Жаҳон23:54 | 3.10.22
Одамлардан яратилган улкан минора, итларга сув сепаётган роҳиб, Париждаги мода ҳафталиги — бугун суратлари
Қорақалпоғистонда Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди
Жамият23:27 | 3.10.22
Қорақалпоғистонда Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди
Жиззахда 14 та пахта ортилган тиркама билан ҳаракатланган трактор ҳайдовчиси жаримага тортилган
Жамият23:06 | 3.10.22
Жиззахда 14 та пахта ортилган тиркама билан ҳаракатланган трактор ҳайдовчиси жаримага тортилган
Тошкентда туман ҳокимлигининг бош юрисконсульти пора билан ушланди
Жамият22:33 | 3.10.22
Тошкентда туман ҳокимлигининг бош юрисконсульти пора билан ушланди
Ўзбекистонда аёллар тазйиқ ва зўравонликнинг қайси кўринишларига кўпроқ дуч келиши маълум бўлди
Жамият22:02 | 3.10.22
Ўзбекистонда аёллар тазйиқ ва зўравонликнинг қайси кўринишларига кўпроқ дуч келиши маълум бўлди
Сурхондарёда ўрмон ерлари сотилаётгани юзасидан баёнот берилди
Жамият21:31 | 3.10.22
Сурхондарёда ўрмон ерлари сотилаётгани юзасидан баёнот берилди