Туркманистон ТИВ Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалардан хавотирдалигини билдириб, Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Тегишли баёнот вазирлик сайтида эълон қилинди.

Баёнотга кўра, Туркманистон Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда Конституциявий тузум ва ҳуқуқ-тартиботни, халқ хавфсизлиги ва тинчлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз вақтида ва қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
«Ишончимиз комилки, кўп асрлик халқ донишмандлиги, тажрибаси ва узоқни кўра билиши юзага келган қийинчиликларни енгиб ўтишга, Ўзбекистоннинг илғор ва барқарор ривожланишини, давлат ва жамоат институтлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Туркманистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси сифатида бу давлат билан қардошлик, дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталари билан боғланиб, унга зарур ёрдам ва кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдиради», дейилган муносабатда.
Аввалроқ Қозоғистон ТИВ Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирганди. Шунингдек, Россия ТИВ Қорақалпоғистондаги вазиятга баҳо берган.




