Бугун оқшоми. Ҳайит намози вақтлари, Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаган АҚШ, Twitter’ни блокдан чиқаришни сўраётган ўзбекистонликлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Расман: Қурбон ҳайити намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди.

Мусулмонлар идораси ҳудудлар кесимида Ийд ал-адҳа намозининг ўқилиш вақтларини эълон қилди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида ушбу намоз соат 05:20 да ўқилади. Республика бўйича энг эрта ўқиладиган — Андижон, энг кечи эса Қорақалпоғистон. Ўзингизнинг ҳудудингизда ўқиладиган вақт билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Қизиқ тарафи шундаки, Қорақалпоғистонда эълон қилинган фавқулодда ҳолат режими доирасида комендантлик соати ҳам жорий қилинган. У ердагиларга тонгги соат 07:00 дан бошлаб кўчага чиқиш мумкин. Шунингдек, оммавий йиғилишлар ҳам тақиқланган. Қорақалпоғистонда Ҳайит намози ўқиладими ёки йўқ — маълум эмас.

Бу йил ҳам ОТМларга кириш тестлари стадион ва ҳиёбонларда ўтказилади.

Фото: «Bugun.uz»

Давлат комиссиясининг 1-сон баёни билан 2022-2023-ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовлари стадион ва хиёбонларда ўтказилиши белгиланган.

Ўзбекистонликлар Twitter ва TikTok’ни блокдан чиқаришни сўрамоқда. Тармоқларда #freeTwitter ҳештеги билан флешмоб бошланди.

Фото: «Bugun.uz»

Twitter блокдан чиқишини кутиб ўтиришдан чарчаган (ёки ҳар Twitterʼга киришда VPN ёқиб тўйган) блогерлар #freeTwitter ҳештеги билан тармоқни очишни сўраб, флешмоб бошлади. «Bugun.uz» ушбу «ҳаракат» доирасида эълон қилинган постларни бир жойга жамлади: «Давлат репутацияси учун турайлик» — ўзбекистонликлар Twitter ва TikTok’ни блокдан чиқаришни сўрамоқда.

Яна бир бор Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар ҳақида. Президент видеоселекторда у ердаги вазият тўғрисида гапирди. АҚШ ҳам, Эрон ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади.

Фото: «Getty Images»

АҚШ давлат департаменти Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдириб, томонларни вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга ва зўравонликдан сақланишга чақирди. Шунингдек, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлаб келиши қўшимча қилинган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда Абдуллаҳиён Эрон томони Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда тинчлик, осойишталик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.

Вазият бўйича Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ҳам муносабат берди. Бу бошқаларникидан сал бошқачароқ бўлди. Ташкилот Ўзбекистондаги вазият туфайли минтақада мураккабликлар юзага келишини прогноз қилди.

Фото: «Bugun.uz»

КХШТ котибияти вакили Александр Кузнецовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ташкилот масъулияти бўлган ҳудудлардан бирига кирган.

«Ўзбекистон КХШТ масъулияти бўлган ҳудудлардан бирига кирган. Воқеалар ривожланишни прогнозлаш давом этмоқда, унда асоратлар кутилмоқда. Биласизми, бор-йўғи икки кун ичида Россия ва Ўзбекистон ўртасида у ерда содир бўлган воқеалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтди, Россия ҳукуматнинг саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлади. Буларнинг барчаси, албатта, КХШТ низом органлари доирасида кўриб чиқилади ва бунга ҳам муносабат бўлади», — деган Кузнецов.

Кузнецов Ўзбекистондаги воқеаларда хорижий давлатлар вакилларининг иштирокини кузатиш мумкинлигини айтган.

«Бу нафақат ушбу давлатлар аҳолиси, балки ушбу вазиятнинг салбий ривожланишига ҳисса қўшадиган бошқа давлатларнинг вакилларини ҳам ўз ичига олади», — деган расмий.

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда (унинг мавзуси умуман бошқа, тартибсизликларга алоқаси йўқ: архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган) Қорақалпоғистондаги вазиятга тўхталиб ўтилди. Президент тартибсизликлар давомида ҳалок бўлган фуқароларнинг оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдирган.

Фото: Президент матбуот котиби

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Нукусдаги воқеага четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган.

«Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган. Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бормоқда. Бу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарур», — дейди Президент.

Ҳолат юзасидан бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилиши ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича топшириқ берилган. Бундан ташқари, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинади. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминланади.

«Давлатимиз, эл-юртимизга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган бундай кучларнинг ҳар қандай ёвуз фитна ва ҳаракатларига ўз вақтида ва кескин зарба беришга қодирмиз», — Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари халққа мурожаат қилди. Президент бугунги барча қийинчиликлар муносиб равишда, мардона енгиб ўтилишига ишонишини таъкидлади.

«Халқимизни қатъий ишонтириб айтмоқчиман: давлатимиз, эл-юртимизга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган бундай кучларнинг ҳар қандай ёвуз фитна ва ҳаракатларига ўз вақтида ва кескин зарба беришга қодирмиз.

[…]

Бугунги кунда бутун халқимиз ва жамоатчилигимиз янада жипслашиб, барча даражадаги раҳбарлар ҳушёрлик ва огоҳликни кескин ошириб, юртимизда тинчлик ва барқарор-ликни сақлаш, мамлакатимизни жадал ривожлантириш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш ҳамда одамларни рози қилиш борасида белгилаб олган вазифаларимизни амалга ошириш учун барча куч-имконият ва ресурсларни сафарбар этишимиз шарт», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мавзунинг якунида Қорақалпоғистондаги вазият изга тушаётганини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот котиби

Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. «Энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда. Одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд. Деҳқонлар ўз даласида ишламоқда, пешона тери билан яратган ҳосилларини йиғиштирмоқда. Бозорлар, дўконлар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан бу ерга озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

«Кун матбуоти тарихи»нинг 6 июль сони: Ислом Каримов билан бирга Асакага борган «Дэу», сабзавот экиш планини бажара олмаётган Тошкент шаҳри, Ҳиндистон Британия қўлида қолишини ёқлаган Гитлер. Ўзбек матбуоти 6 июлда нималар ҳақида ёзган?

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон» ҳаракати етакчиси Афғонистон ўз ҳудудидан фойдаланиб, бошқа давлатларга таҳдид солишига ҳеч кимга йўл қўймаслигини айтди. Бир кун олдин Термизга 5 та снаряд учиб келганди.

Қурбон ҳайити муносабати билан «Толибон» етакчиси Хайбатуллоҳ Охундзода қўшни ва дунё давлатларига мурожаат қилди. Унда Афғонистон ўз ҳудудидан фойдаланиб, бошқа давлатларга таҳдид солишига ҳеч кимга йўл қўймаслиги таъкидланган.

Фото: «Ariana News»

Мурожаатда «Толибон» ҳукумати барча давлатлар, жумладан, АҚШ билан ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро мажбуриятлар доирасида яхши ва мустаҳкам дипломатик, иқтисодий ҳамда сиёсий алоқалар ўрнатишни исташи келтирилган. Давлатлардан Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик сўралган.

Охунзода «Толибон» мухолифларига ҳам мурожаат қилиб, Исён ва фасодга даъват этишни тўхтатишни сўради.

«Исён ва фасодга даъват этиш, уруш ва беқарорликка интилиш ҳеч кимнинг манфаатига тўғри келмайди, яхшиси, улар бу каби ҳаракатларни тўхтатиб, Ислом шариати ҳукмронлиги остида тинч ҳаётга қайтишсин», дейди Охундзода», — деган у.

Эслатиб ўтамиз (эслаб қолишли вазият, ростанам), 5 июль куни Сурхондарёга Афғонистондан 5 та снаряд келиб тушган. Снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, оқибатда ҳеч ким ҳалок бўлмаган, вайронагарчиликлар кузатилмаган.

«Ажрашади, ажрашмади, ажрашади…»: Алишер Усмонов рафиқаси билан ажрашиш тўғрисидаги даъвони қайтариб олди, аммо уларнинг йўллари барибир айро кетди.

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов рафиқаси Ирина Винер билан ажрашиш тўғрисидаги даъвони қайтариб олганди. Аммо бироз вақтдан сўнг улар ФҲДЁ орқали ажрашганини тасдиқлади.

Фото: «РБК»

Россия Оила кодексига кўра, эр-хотиннинг биргаликдаги вояга етмаган фарзандлари бўлмаса, ҳар иккала турмуш ўртоғининг ажрашишига розилик бўлса, ФҲДЁда ажралишни давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилади.

Миллиардер Винер билан 50 йилга яқин бирга яшаб, шундан 30 йилида қонуний никоҳда бўлгандан кейин ажралишга қарор қилган. Ажрашиш ташаббускори 68 ёшли миллиардернинг ўзи бўлган. Турмуш ўртоқларнинг ҳеч бири бунинг сабабини изоҳламаганди. Аммо Усмонов рафиқаси билан мулкни бўлишмоқчи бўлмаган.

Қўшни Туркманистонда номаълум сабабларга кўра сим карта тақчиллиги юзага келди. Бунинг ортидан болаларга мобил телефондан фойдаланиш тақиқланди.

Энди Туркманистонда 16 ёшдан ошганлар ўз номига фақат битта сим-карта сотиб олиши мумкин бўлади. Буни амалга ошириш ҳам осон эмас. Масалан, Марям шаҳрида рақамларни «Олтин аср»нинг бош офисида эрталаб соат 8:00 дан 10:00 гача олиш мумкин. Кунига 30 дан ортиқ сим-карта берилмайди. Ушбу чекловнинг сабаби номаълум. «Олтин аср» ходимлари ҳолатга изоҳ бермаган.

Фото: «Hronika.tm»

Эрталаб соат 05:00 дан бошлаб уяли алоқа оператори идораси олдида навбат юзага келади. Одамлар танишлари орқали учта сим-карта олиш мумкинлигини айтган. Туркманистонда смартфонлар интернетга кириш учун энг оммабоп қурилма ҳисобланади. Мамлакатда озчилик компьютер ёки ноутбукдан фойдаланади. Шу билан бирга, тармоққа кириш чекланган. Дунёдаги энг машҳур сайтларга VPN’сиз киришнинг иложи йўқ, аммо яқинда VPN хизматлари махсус хизматлар томонидан фаол равишда блокланган.

Ўзбекистонда вазият бир мунча яхшироқ: Twitter ёки TikTok’ка VPN орқали кириш мумкин (ҳозирча), аммо ушбу чекловни ҳам олиб ташлаш сўралмоқда, тепароқда ёзганимиздек. Бир гап бўлар. Сиз эса унгача:

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди
Жамият19:09 | 17.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди