«Давлат репутацияси учун турайлик» — ўзбекистонликлар Twitter ва TikTok’ни блокдан чиқаришни сўрамоқда

Ўзбекистонда 2022 йилнинг 2 июль куни Twitter ва TikTok чекланганига бир йил тўлди. Ўшанда ушбу икки платформа «‘Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаʼги қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун» «аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар» чекланган.

Орадан бир йил ўтди, бу даврда TikTok’ка (ва блокланган тармоқларнинг барчаси) ўрнатилган чекловлар бекор бўлиши, бу бўйича АОКА компания билан гаплашиб олгани ҳақида хабарлар чиқди. Шу йилнинг 24 июнь санасида эса Twitter, TikTok ва ВКонтакте ижтимоий тармоқлари блокдан чиқарилиши ҳақида «Kun.uz» ёзди. Лекин буларнинг ҳеч биридан ҳали бирор бир садо йўқ.

Фото: «Bugun.uz»

Буни кутиб ўтиришдан чарчаган (ёки ҳар Twitter’га киришда VPN ёқиб тўйган) блогерлар #FreeTwitter ҳештеги билан тармоқни очишни сўраб, флешмоб бошлади. «Bugun.uz» ушбу «ҳаракат» доирасида эълон қилинган постларни бир жойга жамлади.

Ушбу мавзу Қорақалпоғистондаги тартибсизликлардан кейин (тўғрироғи, ўша куннинг ўзида, фейкларга қарши курашилаётганда) яна актуаллашди. Блогер Дилшод Хошимов ўзининг «xoshimovuz» каналида айнан Қорақалпоғистондаги воқеалардаги ахборот урушида (асосан, Қозоғистоннинг айрим Telegram каналлари тарқатаётган ёлғон ахборотлар, миллатчилик уфуриб турган постларига қарши курашда) Twitter’нинг ўзбек сегментининг ўрни ҳақида ёзди. Дарҳақиқат, кўп обуначига эга ўзбекистонлик Twitter фойдаланувчилари воқеаларга оид расмий ва фейкларни инкор этувчи хабарларни инглиз ва рус тилларида твит қилиб туришди.

«Ўзбек Twitter сегментининг ахборот урушида ўрни бўлакча бўлмоқда. Хорижлик журналистлар ва медиаларнинг фейк маълумотларига асосли жавоблар ёзишмоқда ва муайян фейкларнинг ўчирилишига ҳам эришишмоқда. Давлат балки Twitter’ни блокировкадан ечар энди», деган умид билан постига қўшимча қилган у.

Дарвоқе, Хошимов (бу бошқа блогер, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эмас) «муайян фейкларнинг ўчирилишига ҳам эришишмоқда» деганда польшалик журналист Агнешка Пикулицка Нукус кўчалари қонга тўлгани ҳақидаги ёлғон хабарни тарқатгани ва ўзбекистонликларнинг асосли жавоб ва исботларидан сўнг уни ўчириб, узр сўраганини назарда тутмoқда.

Telegram’даги «davletovuz» каналида ҳам шунга ўхшаш пост қолдирилди. Унда жўяли ва асосли фикрлар бор (хуллас, «davletov»нинг гапларида жон бор).

Блогер Нурбек Алимов эса бу «ҳаракат»ни #freeTwitter ҳештеги билан давом эттиришни таклиф қилди. Унинг фикрича (ҳам), Қорақалпоғистондаги воқеаларни хорижий журналислар ва, умуман, дунё ҳамжамиятига тўғри етказилишида, фейкларни тўғрилашда твиттерчилар (расмий манбалардан фарқли равишда) яхшироқ ҳаракат қилган.

Блогер ҳозирда VPN билан кирилаётган (ва ундан воз кечиш умид қилинаётган) Twitter’да ҳар бир твитни ушбу ҳештег билан ёзмоқда. Бошқа фойдаланувчилар ҳам шу йўлга ўтган.

Алишер Усмоновнинг ажрашмасликка қарор қилгани ҳақидаги хабарга билдирилган муносабат
Скриншот: блокланган Twitter

Бунинг ортидан Twitter’да ушбу ҳештег сал бўлсада оммалашишига эришилди. Гарчи бу тармоққа VPN билан кирилаётган бўлса ҳам (яъни, VPN билан кираётган фойдаланувчиларнинг жойлашуви ҳар хил), фойдаланувчилар буни глобал трендга айлантирмоқчи (тўғрироғи, шу орқали эътибор тортмоқчи).

Мазкур ҳештег билан эълон қилинган бир твит ундан олдинроқ тарқалган трендни эслатиб юборади (бунинг оқибати нима бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз).

«Тонировка жиноят эмас» эди, энди — «Twitter’дан фойдаланиш жиноят эмас»
Скриншот: блокланган Twitter

Бу мавзуга аллақачон мемлар ҳам ясалди.

Скриншот: блокланган Twitter

Фойдаланувчи Мирзабеков масъуллардан Twitter’га озодлик сўраб, бу ерда фейкларга қарши, Ўзбекистон репутацияси учун курашишни ваъда қилмоқда.

Скриншот: блокланган Twitter

Фойдаланувчилар ҳатто Илон Маскка мурожаат қилмоқда (лекин бунинг фойдаси йўқ, мурожаат ўзбек тилида ёзилган, агар бошқа тилда ёзилган бўлса ҳам, фойдаси бўлиши амримаҳол эди).

Скриншот: блокланган Twitter

«Trackmyhashtag.com» сервиси маълумотларига кўра, ушбу ҳештегни ишлатаётган фойдаланувчиларнинг асосий қисми ўзбекистонлик. Уларнинг ҳар бир #freeTwitter ҳештегли твити минглаб, ўн минг марталаб кўриляпти. Ўзбекистонликларнинг ушбу ҳештегдан фойдаланиши соатига эмас, балки дақиқасига ортиб бормоқда.

Скриншот: «Trackmyhashtag.com»

Блогер Нозим Сафари нафақат Twitter’ни, балки TikTok’ни ҳам блокдан чиқаришни сўрамоқда (ҳарқалай, у қолдирган твитдан шуни тушуниш мумкин). У шунчаки #freeTikTok деб ёзиб қолдирди.

TikTok — алоҳида масала. Бу бўйича катта таҳлилий мақолалар, чиқишлар қилинди, TikTok раҳбарияти билан гаплашиб олган АОКА уни блокдан чиқариши кутилди. Аммо ҳалигача сас-садо йўқ ва мана, натижани кўриб турибсиз.

«Kun.uz» журналисти Шуҳрат Шокирожонов TikTok очилиши ва унда миллий ташвиқот олиб борилиши кераклиги ҳақида катта таҳлилий мақола ёзди. Қуйидаги ушбу материалдан иқтибослар келтирамиз.

Фото: «Bugun.uz»

1.

«Қорақалпоғистондаги нохуш воқеалар шуни кўрсатдики, айни пайтда ижтимоий тармоқларда, YouTube, Instagram ва TikTok каби видеоҳостингларда қўшни давлатларда тарихни ўз манфаатларига мослаб, ёшларга бузиб кўрсатиш бўйича «кимўзар»га мусобақа кетяпти. Интернетда минглаб мисоллар бор бунга.

Очиқчасига тан олиш керак, айниқса Қозоғистон бу борада жуда илғор. Улар айрим масалаларида ўзлари тўқиган ёлғонларга ўзлари ишониб ўтиришибди.

Ёшларимиз нотўғри талқин қилинган тарих бўйича шарҳ бўлимларида баҳслашишяпти. Роликларни кўрган кўпчилик эса, фикрини хато тушунча билан шакллантирмоқда. Бироқ бундай ҳолатда TikTok ижтимоий тармоғини блоклаб қўйиш билан иш битмайди.

Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак. Сенаторларимиз тилга олган — ёшларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли ҳам шу».

2.

«Фақат ўзбекча Википедияни ривожлантириш билан чекланиб қолмай, зудлик билан TikTok ижтимоий тармоғини блокировкадан очиш ва ишни бошлаш лозим.

Мамлакат ёшлари ўртасида Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихи, ўзбек заминида яшаб яшаб ўтган алломалар, шаҳарларимиз, тарихий обидаларимиз ҳақида ёшларбоп, енгил ҳазм бўладиган, аммо фактлари мияга қўрғошиндек қуйилиб қоладиган турли-туман тарихий ҳақиқатлар ҳақида қисқа (5 дақиқагача) видеороликлар учун ҳам бошқа бир мунтазам танлов эълон қилиши зарурати борга ўхшамоқда».

Ўзбекистонликларнинг ушбу «ҳаракати» давом этмоқда. Бу бўйича Telegram каналларда постлар, блокланган Twitter’да ёзувлар қолдирилишда давом этмоқда. Флешмобларнинг бири фойда берди — «тонировка» арзонлашди, ҳатто текин бўлди, энди буниси нима билан тугайди, кузатамиз.

Миржалол Қосимов тайёрлади.

Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Жамият11:30 | 19.8.22
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Путин ва Си Цзиньпин G20 саммитига боради
Жаҳон11:10 | 19.8.22
Путин ва Си Цзиньпин G20 саммитига боради