Москвадаги муҳожирлар муштлашувида ўзбекистонликлар ҳам иштирок этганми?
Москва шарқида жойлашган Руднево саноат зонасидаги қурилиш майдончасида 3 июль куни 60 нафардан ортиқ муҳожирлар муштлашганди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу жанжалда ўзбекистонликлар иштирок этмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ва мамлакатнинг ушбу давлатдаги элчихонаси ходимлари томонидан ҳолат ўрганилган. Маълум бўлишича, воқеа 3 июль куни Москва шаҳри Руднево саноат зонасидаги қурилиш объектларидан бирида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу оммавий муштлашувда Ўзбекистон фуқаролари иштирок этмаган.
Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик мигрантлар иштирокида оммавий муштлашув бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик ва қирғизистонлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз берган.


