Қандай вазиятларда фавқулодда ҳолат жорий этилади?
Миллий марказ бўлим бошлиғи Қорақалпоғистондаги жорий ҳолат бўйича гапирди
Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан тайёрланган конституциявий қонун лойиҳасининг айрим моддалари бир гуруҳ шахслар томонидан нотўғри талқин қилиб, ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган турли миш-мишлар ва ҳаракатлар орқали Қорақалпоғистонда уюштирилган митинглар ва уларнинг аянчли оқибатларига олиб келди. Қуйида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди Камила Олимованинг ушбу ҳаракатлар юзасидан фикри келтирилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлиги тўғрисида билдирган фикрларига қарамасдан, ушбу шахслар 2022 йил 2 июль куни ҳам жамоат тартибини бузишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, республиканинг маъмурий марказидаги асосий кўчаларда бузғунчилик ишларини давом эттирди.
Ушбу шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари нималарда намоён бўлди?
- Биринчидан, тартибсизликлар, йўлда дуч келган нарсани бузиш, ёқиб кетиш;
- иккинчидан, сон жиҳатига кўра нисбий устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган ходимларига ҳужум қилиш, аёвсиз калтаклаш ва оғир тан жароҳатлари етказиш ҳамда уларни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларни бажаришга мажбурлаш;
- учинчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини ноқонуний эгаллашга уриниш ва инфратузилма объектларига сезиларли даражада зарар етказиш;
- тўртинчидан, бир нечта гуруҳлар томонидан қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уриниш;
- бешинчидан, ўзбек аскарларига оммавий ҳужум қилиш ва уларнинг қурол ва техникасини эгаллаб олиш.
Ачинарлиси, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонларнинг борлигидадир, хусусан, расмий маълумотларга кўра 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига турли тан жароҳатлари етказилган, оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар фуқаро вафот этган. Шунинг учун фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Президент фармони билан «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:00 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Президентнинг ушбу ваколати бевосита Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси талабидан келиб чиқади, яъни унга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонунининг 5-моддасига асосан, фавқулодда ҳолат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига ва (ёки) ҳудудий яҳлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, алоҳида ҳолларда жорий этилади.
Қонунга асосан қуйидагилар фавқулодда ҳолат жорий этилганда қўлланиладиган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар ҳисобланади:
- фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда давлат бошқаруви органларининг (улар таркибий бўлинмаларининг), маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;
- фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш эркинлигига нисбатан чекловлар, шунингдек мазкур ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режими, шу жумладан, мазкур ҳудудга, зарур бўлганда эса Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудига чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши ҳамда ушбу ҳудудларда туришига нисбатан чекловлар;
- жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспортнинг ҳаракатланишини таъминловчи объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш;
- фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга, шу жумладан товарларни реализация қилишга, ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга нисбатан чекловлар;
- озиқ-овқатни ва энг зарур нарсаларни сотиш, сотиб олиш ҳамда тақсимлашнинг алоҳида тартиби;
йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар, шунингдек бошқа оммавий тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш ёки чеклаш; - транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш ва уларни кўздан кечиришни амалга ошириш;
- хавфли ишлаб чиқаришлар ҳамда портловчи, радиоактив, шунингдек хавфли кимёвий ва биологик моддалардан фойдаланадиган ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш;
- фавқулодда ҳолатлар муносабати билан моддий ва маданий қимматликларнинг йўқ қилинишига, ўғирланишига ёки шикастланишига аниқ таҳдид мавжуд бўлган тақдирда, уларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, кўчмас объектларга, шу жумладан моддий маданий мерос объектларига нисбатан эса уларни муҳофаза қилишга доир тегишли чоралар кўриш.
Айтиш жоизки, комендантлик соати қоидаларини бузган шахслар комендантлик соати тугагунига қадар ушлаб турилади, ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган (ўз шахси ҳақидаги маълумотларни яшираётган) шахслар эса ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра кўпи билан йигирма тўрт соат муддатга ушлаб турилиши мумкин.
Ушлаб турилган шахслар, уларнинг ёнида бўлган нарсалар ва ҳужжатлар, шунингдек уларнинг транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда кўздан кечирилиши мумкин. Ички ишлар органи бошлиғининг маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
Ички ишлар органи бошлиғининг комендантлик соати қоидаларини бузган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисидаги қарорининг қонунийлиги ва ушлаб турилган шахсларни сақлаш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиш прокурор томонидан амалга оширилади.
Қорақалпоғистонда содир бўлган мудҳиш воқеалар Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: «…бизни янада ҳушёр ва сезгир бўлишга чақиради». Бугун жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фарзандларимиз ва набираларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун метин ирода, жипслик ва якдиллик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир». Ҳар биримиз тинчлигимиз, фаровонлигимиз ва фарзандларимизнинг порлоқ келажаги ва қандай шароитларда вояга етиши ўзимизга боғлиқ эканини чуқур англаб етишимиз зарур.