22:53 | 06.07.22 293

Самарқанддаги «Ипак йўли» университетини илк битирувчилар тамомлади

Қатор ташкилот раҳбарлари ва туризм вазирлари уларга видеотабрик йўллади

Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетини 2021/2022 йил ўқув йилида дастлабки кадрлар тамомлаб, олий маълумотга эга бўлди. Бу ҳақда университет ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Улар турли халқаро ташкилотлар ва уларнинг раҳбарларидан табрик қабул қилиб олди. Хусусан, Халқаро туризм ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, турли давлатларнинг туризм вазирлари ва мутасаддилари университетнинг «илк қалдирғочлари»га видеотабрик йўллаб, уларнинг келажакдаги фаолиятига омад тилаган.

Россия давлат Туризм агентлиги раҳбари Зарина Догузова «Ипак йўли» битирувчиларига йўллаган табригидан университетнинг туризмдаги ўрни ҳақида гапирган:

«Қадрли битирувчилар, мен сизларни ‘Ипак йўлиʼ туризм ва маданий мерос халқаро университетини муваффақиятли тамомлаганингиз билан табриклайман. Туризм — ҳаётнинг ижтимоий ва иқтисодий йўналишларига тенг ва кучли даражада таъсир қилувчи тармоқ.

Ҳар бир давлатнинг ўзига яраша туристик потенциали бор, аммо буни кўрсата олиш керак. Айнан сизларга ушбу соҳанинг келажаги сифатида қараймиз. Туризмнинг келажаги қандай бўлиши айнан сизга боғлиқ: саёҳат қилиш учун қандай шароитлар яратилиши, умуман, одамларнинг ҳаётида туризмнинг роли қандай бўлиши.

Шубҳа йўқки, ‘Ипак йўлиʼ туризм ва маданий мерос халқаро университети туризм соҳасидаги замонавий бозордаги талабларга жавоб берувчи етук малакали кадрлар ўчоғи.

Мен сизларга чин қалбимдан ўзингизнинг соҳангизга ишонч, мамнуният билан фаолият юритиш, соҳангиздаги энг зўри бўлишни тилайман. Ҳаётий ва профессионал йўлингизда омад ёр бўлсин».

Исроил туризм вазири Йоэль Развозов ҳам битирувчиларга табрик йўллаб, икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқаларни яна кучайтиришга ҳисса қўшишига умид билдирган.

«Исроил ва Ўзбекистон ўртасида чуқур тарихий алоқалар бор. Мен ишонаманки, сизлардек етук кадрлар сабабли келажакда ҳам бу давом этади ва ривожланади. Мен сизларнинг профессионал фаолиятингизда омад тилайман. Ва энг асосий, қилаётган ишингиздан роҳатланишингизга тилакдошман. Исроилда кўришгунча», — дейди вазир.

Туркия маданият ва туризм вазири Ўзгул Ўзкан Явуз ўзининг табригида ота юрти — Ўзбекистонга салом йўллаб, Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳар деб атаган.

«Келажакдаги фаолиятингизга улкан муваффақият тилайман. Муҳаббат ва соғлиқ тилаб, салом деб қоламан», — дея таъкидлаган вази.

Шу билан бирга, Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раиси Жанг Минг, Туркий давлатлар ташкилоти раиси Бағдод Амреев ҳам битирувчиларга табрик йўллаган.

Бундан ташқари, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Даурен Абаев, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Азамат Жаманкулов, Тожикистон Туризмни ривожлантириш агентлиги раҳбари Тожиддин Жўразода ва Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Ненси Шукри ҳам «Ипак йўли» университети битирувчиларини табриклаган.