«Толибон» ҳаракати етакчиси қўшни давлатларга мурожаат қилди
Унда Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид бўйича гапирилган
Қурбон ҳайити муносабати билан «Толибон» етакчиси Хайбатуллоҳ Охундзода қўшни давлатлар ва дунёга Афғонистон ўз ҳудудидан фойдаланиб, бошқа давлатларга таҳдид солишига ҳеч кимга йўл қўймаслигини таъкидлади. Бу ҳақда «Tasnim news» хабар берди.
Мурожаатда «Толибон» ҳукумати барча давлатлар, жумладан, АҚШ билан ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро мажбуриятлар доирасида яхши ва мустаҳкам дипломатик, иқтисодий ҳамда сиёсий алоқалар ўрнатишни исташи келтирилган. Давлатлардан Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик сўралган.
Охундзода амалдаги ҳукуматнинг ҳеч кимга хос адоват йўқлигини таъкидлаб, қуйидагиларни қўшимча қилган:
«Юртдошларимиз учун қучоғимиз очиқ, дўстлик ва адоватимиз исломий тамойилларга асосланади», — деган ҳаракат етакчиси.
Айрим афғон шахсларини ўз юртига қайтариш жараёнига тўхталиб ўтган Охундзода тегишли комиссияга ушбу одамлар олдидаги мажбуриятларни бажаришни буюрган. Шунингдек, у «Толибон» мухолифларига мурожаат қилган.
«Исён ва фасодга даъват этиш, уруш ва беқарорликка интилиш ҳеч кимнинг манфаатига тўғри келмайди, яхшиси, улар бу каби ҳаракатларни тўхтатиб, Ислом шариати ҳукмронлиги остида тинч ҳаётга қайтишсин», дейди Охундзода», — деган у.
Эслатиб ўтамиз, 5 июль куни Сурхондарёга Афғонистондан 5 та снаряд келиб тушган. Снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, оқибатда ҳеч ким ҳалок бўлмаган, вайронагарчиликлар кузатилмаган.
Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга кичик зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёр бирлиги томонидан зарарсизлантирилган.