Бугун оқшоми. Ўзини ўзи банд қилиши мумкин бўлган таксистлар, Қорақалпоғистондаги намойишчиларга қарши ишлатилган қуроллар, Буюк Британия бош вазирлигидан кетган Жонсон
@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Дайжестни яхши хабарлардан бошлаймиз. Ва ниҳоят, такси ҳайдовчилари ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар қаторига қўшилади.

Президентнинг тегишли қарори билан 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилмоқда. Бунда:
- лицензия варақасини беришда автомобилнинг 10 йиллик эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади;
- мажбурий тиббий ва техник кўрик муддати 1 йилда 1 марта қилиб белгиланади;
- ўзини ўзи банд қилган ташувчилардан, шу жумладан юридик шахслардан лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи миқдори 300 минг сўм этиб белгиланади.
Бундан ташқари, ушбу қарор билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб автомобилларни бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни (доверенность) давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш мумкин бўлади. Уни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Электрон ишончнома расмийлаштирилганда давлат божи унинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда — 1 ойгача бўлган муддатга 90 минг сўм, 6 ойгача бўлган муддатга 450 минг сўм, 3 йилгача бўлган муддатга 900 минг сўм миқдорида ундирилади.
Яна битта яхши хабар (ёки бошқачадир, хуллас, имтиёз): Фарзандлари хусусий мактабларга борадиганларнинг тўловлари даромад солиғидан озод этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилиши кутилмоқда. Бу Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, қабул қилинган қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа билан мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 15 фоиздан 10 фоизга туширилиши, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари берилиши ва алоҳида солиқ режими жорий этилиши назарда тутилган.
Ўзбекистон олтин захираларини сезиларли даражада оширди, аммо Қозоғистон Марказий Осиёда етакчи бўлиб қолмоқда.

Жаҳон олтин кенгашининг ҳисоботларига кўра, 2022 йил май ойида Қозоғистон (6 тонна), Ўзбекистон (9 тонна), Туркия (13 тонна), Ҳиндистон (4 тонна) ва Қатар (5 тонна) марказий банклари ўз захираларини сезиларли даражада оширган.
2019 йилдан бери Қозоғистон Марказий Осиёда захиралар бўйича етакчи бўлиб қолмоқда. Захира ҳажми 368,12 тоннани ташкил этмоқда. Ташкилот ҳисоботларидан олинган маълумотларга қараганда, 2012–2018 йилларда Ўзбекистон минтақада етакчи бўлган. 2022 йилда эса 337,47 тонна билан иккинчи ўринда қайд этилган.
Ўзбекистонда ўтган олти ойда бюджетга тушган солиқ тушумлари миқдори 71 триллион сўмни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 16 фоиз юқори кўрсаткич.

Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати органлари томонидан бюджетга туширилган тушумларни эълон қилди. Унга кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида бюджетга солиқ тушумлари 71 триллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига (61,4 триллион сўм) нисбатан 15,7 фоизга ўсган.
Тошкент шаҳридаги солиқ тушумлари бошқа ҳудудлардан кескин фарқ қилади, жами тушумларнинг 43,5 фоизи, яъни 9,9 триллион сўми айнан пойтахт ҳисобига тўғри келади. Ундан кейинги ўринлар қуйидагича шаклланган:
- Фарғона вилояти — 39,1 фоиз (2 триллион сўм);
- Самарқанд вилояти — 36,1 фоиз (1,9 триллион сўм);
- Бухоро вилояти — 35,7 фоиз (1,5 триллион сўм);
- Сурхондарё вилояти — 34,1 фоиз (1,2 триллион сўм).
Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар: намойишчиларга қарши ишлатилган қуроллар, Даулетмурат Тажимуратов иши бўйича янги тафсилотлар, хориждан келишда давом этаётган муносабатлар, «Bugun.uz»нинг жароҳатланган ҳарбийлар билан интервьюси.

Қорақалпоғистон комендатураси вакили Зафар Алимов Нукусда бўлиб ўтган намойишларни бостиришда ҳарбийлар қандай воситалардан фойдалангани ҳақида маълумот берди. Улар қуйидагилар: «дымовая шашка», махсус қуроллар — товуш ва ёруғлик орқали таъсир этувчи, кўзни ёшлантирадиган, тутун ҳосил қиладиган гранатали отилмалар (булардан тўпланган фуқароларни тарқатишда фойдаланилган), қизил рангли махсус сув (бу кейинчалик намойишчиларни аниқлашда ёрдам беради).
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурод Камолов, ички ишлар вазири А.Оринбаев ва бошқа раҳбарлар 10 мингдан ортиқ намойишчи тўпланган жойга етиб борган. Улар билан учрашиб, талабларини эшитган.

Жўқорғи Кенгес раисига фуқаролар Тажимуратовни шу ерга олиб келиш талабини қўйишгандан сўнг у ерга Тажимуратов олиб келинган. Намойишчилар оломондан фойдаланиб, Жўқорғи Кенгес раиси Мурод Камаловнинг хизмат автомашинасининг том қисмига Д.Тажимуратовни чиқариб, унга тўн кийдириб, янги раҳбар деб эълон қилмоқчи бўлган.
Йиғилганлар билан музокоралар олиб борилишига қарамасдан, улар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, ҳокимиятни босиб олиш, қонуний тайинланган ҳокимият вакилини четлатиш мақсадида Жўқорғи Кенгеси биноси томон қараб ҳаракатланган. Улар ҳаракат давомида ўзлари билан турли ёғоч таёқ, тош, темир жисмларни кўтариб, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатган. Шунингдек, тартиббузарлар ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, улардан махсус воситаларини тортиб олишга уринган.
Хориж давлатларидан Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат келишда давом этмоқда. Озарбайжон ҳам, Ҳиндистон ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади.

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар: ҳаммаси қандай содир бўлганди? «Bugun.uz» намойишлар вақтида жароҳатланган ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан суҳбатлашди.
Бошқа хабарлар пунктларда:
- Тошкент метрополитени Қурбон ҳайити куни соат 04:00 дан бошлаб ишлайди. Намоз (пойтахтда) соат 05:20 да ўқилади;
- Ўзбекистонда (1 январь ҳолатига) жами моддий маданий мерос объектлари сони 8210 тани ташкил этади. Улар 4 турга бўлинади: археология ёдгорликлари (4797 та), архитектура ёдгорликлари (2266 та), монументал ёдгорликлар (617 та) ва диққатга сазовор жойлар (530 та);
- Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди;
- Жиззахдаги портлаш, Ўзбекистон Олий суди раисининг фожиали ўлими, ядро қуролини сақлаб туриш истагидаги Украина. Ўзбек матбуоти 7 июлда нималар ҳақида ёзган?
Хўш, оламда нима гап?
Буюк Британия бош вазири ва Консерватив партия раҳбари Борис Жонсон лавозимидан кетишини эълон қилди. У янги раҳбар сайлангунча вазифасини бажариб туради.

Жонсон «дунёдаги энг яхши ишни» тарк этганидан афсусда эканини билдириб, у кетганидан кейин ҳам Украинани қўллаб-қувватлаш давом этишини айтган. Унинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида партиянинг янги раҳбарини танлаш жараёни бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Борис Жонсонга истеъфо бериш жараёни унинг пандемия пайтида уюштирган базмидан сўнг бошланган. Шундан сўнг унга нисбатан ишончсизлик вотумлари киритилган, терговлар бошланган, ижтимоий тармоқларда эса босимлар бўлиб келган. Вазият унинг вазифасидан кетишигача етиб борди.
Маълумот учун, Борис Жонсон 2019 йилнинг 24 июлидан бери Буюк Британия бош вазири, 2019 йилнинг 23 июлидан буён эса Консервативлар партияси етакчиси лавозимида ишлаб келмоқда.
«Гитлер — капут!»: Шри-Ланка бош вазири мамлакатни банкрот деб эълон қилди.
Бош вазир Ранил Викрамасингхе мамлакатнинг валюта захиралари рекорд даражада пасайганидан кейин давлатни банкрот бўлганини эълон қилди. У ерда асосий импорт товарлар, жумладан озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи учун тўлашга доллар қолмаган. Бу Шри-Ланка учун етмиш йил ичида энг оғир молиявий инқироз ҳисобланади.

Вазир Халқаро валюта жамғармаси билан инқирозга учраган иқтисодиётга ёрдам кўрсатиш бўйича музокаралар ўта оғир шароитда кечаётганини айтган. Викрамасингхе банкротлик сабабли ҳукумат Шри-Ланка учун алоҳида қарз барқарорлиги режасини тақдим этиши кераклигини таъкидлаган.
Шри-Ланка энергетика вазири Канчана Виджесекеранинг Украинадаги уруш вазиятни янада оғирлаштиргани, глобал инқироз туфайли орол давлати ёқилғи тақчиллигига дуч келгани, озиқ-овқат нархи ҳам кўтарилганини таъкидлаган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.