Жиззахдаги портлаш, Ўзбекистон Олий суди раисининг фожиали ўлими, ядро қуролини сақлаб туриш истагидаги Украина. Ўзбек матбуоти 7 июлда нималар ҳақида ёзган?

Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 1932 йил 7 июль, пайшанба

1932 йил 7 июль куни Ўзбекистонда марказий газеталар чоп этилмаган.

60 йил аввал. 1962 йил 7 июль, шанба

Ўзбекистон Олий суди раиси Усмон Иброҳимов хизмат вазифасини бажариб турган бир вақтда 6 июль куни фожиали тарзда ҳалок бўлган (аммо унинг ўлими тафсилотлари эълон қилинмаган).

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 7 июль сонидан лавҳа

«Марҳум Усмон Иброҳимовнинг жасади солинган тобут Тошкент область суди биносига қўйилган. Марҳум билан 7 июль соат 12 дан видолашиш мумкин. Марҳумнинг жасади соат 14 да олиб чиқилади. Марҳум Чиғатой қабристонида дафн этилади», — дейилади судьяни дафн этиш комиссияси ахборотида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 7 июль сонидан лавҳа

Куни кеча Wall Street Journal муҳаррирининг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари эълон қилинган эди. Бу сафар 10 га яқин АҚШ нашрларининг вакиллари Ўзбекистонга қилган сафарлари ҳақида илиқ фикрлар билдирган. Уларнинг аксарияти Тошкентдаги қурилишларни, айниқса, аҳоли учун бунёд этилаётган уй-жойларни мақтаган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 7 июль сонидан лавҳа

30 йил аввал. 1992 йил 7 июль, сешанба

«Халқ сўзи» газетаси Ўзбекистон парламентининг 1992 йил 2—3 июль кунлари бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида қўлланилган айрим техник янгиликлар ҳақида маълумот берган. Айни вақтда, «Сессия… залдан бошланади-да» материалида бир қатор депутатлар танқид ҳам қилинган: «Айрим депутатларнинг фаоллиги унчалик кўринмади, боз устига, сессия очилган пайтда 454 нафар ноиб рўйхатдан ўтган бўлса, тушдан кейин залда 432 нафар, сессиянинг иккинчи кунида (тушга яқин) эса 411 нафар депутат бор эди. Тўғри, кейинчалик бу сон анчага кўпайди ҳам, аммо барибир ўша 454 га етмади. Сабаби айрим депутатлар рўйхатдан ўта-сола бошқа жойга, яъни ўз шахсий иши кетидан югурди, бошқалари эса… кириб-чиқиб юришди ва ҳатто залда ухлаб ўтирганлар ҳам етарли эди. Балки шу боис айримлари рўйхатдан ўтишни, баъзилари бўлса ҳатто овоз берниям унутиб қўйишди».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 7 июль сонидан лавҳа

Фаол бўлмаган депутатларни нафақат ОАВ вакиллари, балки ҳамкасблари — шу сессияда қатнашган бошқа депутатлар (айниқса, мухолифатдаги партия вакиллари) ҳам танқид қилган («90 фоизи ақлсизлар» дея). Бир гуруҳ депутатлар мухолифат вакилларининг бу ҳақоратомуз танқидига чидагану, аммо президент Ислом Каримов шаънига салбий фикрлар билдирганига чидай олмаган: «Сизлар-ку суткасига 24 соатлаб фақат иғво билан, қандай қилиб ҳозирги ҳукуматни, парламентни, президентнинг обрўсини тушириш ва бошқа шунга ўхшаш маразликларни ўйлаб, телбага ўхшаб қолдинглар. Шу тариқа ‘биз президент асабига тегамиз, соғлиғига таъсир қиламиз’ деб ўйласангиз керак, бечоралар. Сиз — қора ниятлилар, билмайсизки, кеча-ю кундуз эл ғамида юрган, Ватани — Ўзбекистонни дунёга танитиб, унинг порлоқ келажаги, ташвишида юрган, эли, халқи севган мард йигит — президентимизни Аллоҳ таолонинг ўзи қўллайди».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 7 июль сонидан лавҳа

Президент Ислом Каримовнинг ўзи Жанубий Кореянинг «Дэу» корпорацияси президенти Ким У Жун билан бирга Юқори Чирчиқ туманидаги корейслар томонидан асос солинган «Дўстлик» (собиқ «Политотдел») жамоа хўжалигига ташриф буюрган. Шу ерда «Дэу»нинг раҳбари ва унинг рафиқасига Ўзбекистон президенти томонидан эсдалик совғалари топширилган.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 7 июль сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасининг шу кунги сонида «Дэу» билан ҳамкорликда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида 1993 йил декабрь ойидан ишлаб чиқарилиши кутилаётган автомобилларнинг суратлари эълон қилинган — бу суратларда Tico ва ҳозирги кунда ҳам ишлаб чиқарилиши давом эттирилаётган Labo’ни кўриш мумкин. Президент Ислом Каримовдан келтирилган иқтибосга кўра, «Дэу» раҳбари Ким У Жун Ўзбекистонни «дунёдаги энг тинч мамлакат», дея таърифлаган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 7 июль сонидан лавҳа

4 июль куни Жиззах вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмнинг ўқ-дори сақланадиган омборида портлаш юз берган. Ҳодиса оқибатида бир неча ҳарбий хизматчи яраланган, бир аскар ҳалок бўлган. «Одамлар ҳаёти учун хавф-хатар йўқ», — дейилади «Ўзбекистон овози» газетасида берилган ахборотда.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 7 июль сонидан лавҳа

Бир муддат аввал Уинстон Черчиллнинг собиқ келини, АҚШнинг СССРдаги собиқ элчиси Аварелл Гарриманнинг рафиқаси Памела Гарриман МДҲ мамлакатлари бўйлаб сафари доирасида Ўзбекистонда бўлган, президент Ислом Каримов билан ҳам учрашган эди. У ўз сафар таассуротларини «Вашингтон пост» газетасида эълон қилган, мақоланинг таржимаси «Ўзбекистон овози» газетасида босилган. «Тошкентда улкан ғайрат-ҳаракатни ва ҳатто Совет Иттифоқидан озод бўлгандан кейин пайдо бўлган келажакка ишончни ҳис этиш мумкин», — деб ёзади Гарриман хоним.

Айни вақтда, у ўз мақоласида Украинадаги кайфият ҳақида қизиқ фикрларни ёзиб қолдирган, ҳатто АҚШ президенти Жорж Бушнинг «Киевча котлет» номи билан тарихга кирган нутқини ҳам эслаб ўтган: «Бу норозиликлар Москвадан 500 миля масофада — Киевда шиддатли тус олди, бу ерда одамлар бевосита хавф-хатарни ҳис этмоқдалар. Америка ҳозиргача Москва тўғрисидаги мияга ўрнашиб қолган ғоя билан юрибди. Ўтган йили президент Буш совет республикаларини мустақилликка эришиш учун саъй-ҳаракат қилмасликка даъват этганини Киевда унутишгани йўқ. Кўпчилик украинлар Ельцинни қўллаб-қувватлашмоқда ва у муваффақият қозониши мумкин, деб биладилар. Лекин унинг вице-президенти Александр Руцкойдан ташвишланмоқдалар, вице-президент Украинага нисбатан тажовузкорлик йўлини тутмоқда. Украиналик ҳарбийларнинг, миллатпарварларнинг, собиқ партия ходимларининг даъвати Россиянинг дўқ-пўписасига уларнинг жавоби бўлди. Улар Россиянинг нафсониятига қарши ҳарбий ҳиимоя воситаси сифатида бўлмаса ҳам, сиёсий ҳимоя воситаси сифатида Украинада совет ядро қуролини салқаб туришни талаб қилишга ҳам тайёрдирлар».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 7 июль сонидан лавҳа

Муҳрим Аъзамхўжаев

Қашқадарёда фуқаронинг суратларини интернетда тарқатмаслик учун 500 доллар ва тилла тақинчоқ олган шахс ушланди
Жамият19:54 | 10.8.22
Қашқадарёда фуқаронинг суратларини интернетда тарқатмаслик учун 500 доллар ва тилла тақинчоқ олган шахс ушланди
Наманганда «Қизил китоб»га киритилган балиқлар овлангани аниқланди
Жамият19:36 | 10.8.22
Наманганда «Қизил китоб»га киритилган балиқлар овлангани аниқланди
Ўзбекистонда «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони таъсис этилди
Жамият19:17 | 10.8.22
Ўзбекистонда «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони таъсис этилди
Тожикистон ҳарбийлари Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқитилади
Жаҳон19:01 | 10.8.22
Тожикистон ҳарбийлари Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқитилади
Тошкентда «Нархоз»га ўқишга киритиб қўйиш учун 3 минг доллар олган кабинет мудири ушланди
Жамият18:40 | 10.8.22
Тошкентда «Нархоз»га ўқишга киритиб қўйиш учун 3 минг доллар олган кабинет мудири ушланди
Шахмат олимпиадаси ғолибларига қандай давлат мукофотлари берилиши маълум бўлди
Жамият18:18 | 10.8.22
Шахмат олимпиадаси ғолибларига қандай давлат мукофотлари берилиши маълум бўлди