Ўзбекистон олтин захираларини оширди, аммо Қозоғистон Марказий Осиёда етакчи бўлиб қолмоқда
Жаҳон олтин кенгаши дунё мамлакатлари олтин-валюта захираларининг кўпайиши ва камайиши ҳақида ҳисоботни эълон қилди.

Ташкилот маълумотларига кўра, 2022 йил май ойида Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Ҳиндистон ва Қатар марказий банклари ўз захираларини сезиларли даражада оширган.
Ўзбекистон захираларини 9 тоннага, Қозоғистон 6 тоннага, Қатар ва Ҳиндистон мос равишда 5 ва 4 тоннага тўлдирган. Захираларини 13 тоннага кўпайтирган Туркия рўйхатда биринчи ўринни эгаллаган.
2019 йилдан бери Қозоғистон Марказий Осиёда захиралар бўйича етакчи бўлиб қолмоқда. Захира ҳажми 368,12 тоннани ташкил этмоқда. Ташкилот ҳисоботларидан олинган маълумотларга қараганда, 2012–2018 йилларда Ўзбекистон минтақада етакчи бўлган. 2022 йилда эса 337,47 тонна билан иккинчи ўринда қайд этилган.
Қирғизистоннинг олтин захираси 2022 йилда 10,19 тоннани ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, мамлакат заҳиралари 2 миллиард 709 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2022 йил 1 май ҳолатига кўра 35,9 миллиард долларни ташкил қилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 35 миллиард 155,5 миллион долларни ташкил этиб, март ойига нисбатан 205,1 миллион долларга камайганди.


