Қорақалпоғистонда намойишчиларга қарши қандай қуроллар ишлатилгани маълум бўлди
Портлаш оқибатида 2 фуқарога оғир жароҳатлар етган
Қорақалпоғистон комендатураси вакили Зафар Алимов Нукусда бўлиб ўтган намойишларни бостиришда ҳарбийлар қандай воситалардан фойдалангани ҳақида маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, ноқонуний митингларни бостириш мақсадида ёрдамчи кучлар зудлик билан етиб бориб, «дымовая шашка» махсус воситалари орқали тўпланган фуқароларнинг бир қисмини тарқатишга эришган.
Аммо намойишчилар орасида агрессив ҳаракат қилаётганларининг аксарияти спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлгани ва улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига турли кўринишда ҳужумлар қилган.
Тартиббузарларга нисбатан ҲМҚО ходимлари томонидан уларни тарқатиб юбориш учун махсус қуроллардан фойдаланилган. Хусусан, товуш ва ёруғлик орқали таъсир этувчи, кўзни ёшлантирадиган, тутун ҳосил қиладиган гранатали отилмалар ишлатилган. Техник хусусиятига кўра, ушбу воситалар оломонга қарата отилганда 50–400 метргача масофада ерга тушади ва қисқа вақтда кичик детонация содир бўлиб, кўзни ёшлантирувчи тутун ва эшитиш органига таъсир қилувчи товуш ҳамда ёруғлик тарқатади.
Аксарият ҳолатларда граната отилгандан кейин оломон орасига бориб тушганда одамлар у ердан узоқлашади, лекин содир бўлган воқеаларда спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлган шахслар граната бориб тушгандан сўнг ундан узоқлашмасдан, аксинча, уни олиб, ҳарбийларга қайтариб отишга ҳаракат қилишган ҳолатлар кузатилган.
Бу эса ўзининг салбий оқибатини келтириб чиқариб, портлаш оқибатида битта ҳолатда фуқаронинг юз қисмига жароҳат етган. Яна бир ҳолатда эса гранатанинг устига йиқилгани сабаб думғаза қисмида детонация содир бўлиб, оғир тан жароҳати олган. Ушбу ҳолатлар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқалган ва ҳозирда қандай қурол қўлланилгани ҳақида нотўғри фикрлар ҳам пайдо бўлиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, интернетда «Нукус кўчалари қонга тўлди» деган изоҳ билан видео тарқалган. Кейинчалик ушбу видеода қон эмас, балки оломонни тарқатиш учун сепилган қизил рангли махсус сув эканлиги маълум қилинган.
Қорақалпоғистон бўйича Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи ўринбосари майор А.Абдувалиевнинг маълум қилишича, ҳақиқатдан оммавий тартибсизликлар бўлган пайтда одамларни тарқатиш мақсадида қизил бўёқ қўшилган сув сепилган. Бундан мақсад намойишчиларни тезда таниб олиш ва уларни тинч аҳолидан ажратиш бўлган. Масъулнинг таъкидлашича, ушбу бўёқ инсон саломатлиги учун хавфсиз ҳисобланади.
Аввалроқ Даулетмурат Тажимуратов иши бўйича янги маълумотлар эълон қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистондаги намойишлар пайтида қанча фуқаро вафот этгани маълум бўлганди. Шунингдек, тартибсизликлар вақтида қанча киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган.