Андижонда яна бир шифокор калтакланди — видео
Вилоят ИИБ воқеа сабабини маълум қилди
Андижон туманида тез ёрдам бригадаси ходими уриб ташлангани, лекин урган фуқароларга чора кўрилмагани изоҳи билан видеотасвирлар тарқалганди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Келтирилишча, 4 июль куни соат 22:50 да Андижон тумани ҳудудида жойлашган Қўнжи қишлоқ шифохона пунктида фуқаро Н.Ж. шифокор М.М.нинг фаолиятидан кескин норози бўлиб, уриб, тан жароҳатлари етказган.
Ҳозирда зиддият иштирокчиларининг барчасини шахси аниқланган бўлиб, ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув тадбирлари олиб борилмоқда. Жабрланган шифокор М.М.га суд тиббий экспертизаси тайинланган.
Аввалроқ Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтакланганди. Шунингдек, Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор aёл маст бемор томонидан калтаклангани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, тиббиёт ходимини калтаклаш билан боғлиқ ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилган.