Бугун оқшоми. Ишдан бўшатилган Президент администрацияси раҳбари, Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар ортидан қамоққа олинганлар, отиб кетилган Синдзо Абэ

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Кун (балки ҳафта, балки ой) хабари: Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов лавозимидан озод этилди. У касаба уюшмалари Федерасияси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Суратда чапдан ўнгга: Зайнилобиддин Низомиддинов, Шавкат Мирзиёев, Шуҳрат Ғаниев
Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Шахоббидинович Низомиддинов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

«Kun.uz» манбасига кўра, Зайнилобиддин Низомиддинов Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раисига ўринбосар этиб тайинланган. Бу бўйича ҳали расмий хабар берилмади.

Маълумот учун, Низомиддинов Президент девони 2018 йил 6 августда Президент администрациясига ўзгартирилгандан сўнг унга Зелимхон Ҳайдаровнинг ўрнига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Хай майли, эртага — Қурбон ҳайити! Байрам билан табриклаймиз! Дарвоқе, эртага шу муносабат билан пойтахтдаги айрим кўчалар соат 00:00 дан соат 07:00 га қадар ёпилади — рўйхат.

Сенат раиси 2021 йилда йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича 1 триллион 58 миллиард сўмлик жарималар қўлланилгани, аммо муаммо сабаб ундан 410 миллиард сўми ундирилганини айтди.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2021 йилда йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 1 триллион 58 миллиард сўмлик жарималар қўлланилиб, шундан 410 миллиард сўми ундирилди ва бюджетга 227 миллиард сўм ажратма қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги Ҳукумат ҳисоботида айрим маълумотлар акс эттирилмаган. Бунинг оқибатида қатор муҳим масалаларга жавоб топишни иложи бўлмаяпти.

«Қатор муҳим масалалар, хусусан вазирлик ва идоралардаги махсус жамғармаларга тушумлар, улардан фойдаланиш ҳолати, бюджетга ажратмалар бўйича саволларга ҳисоботнинг ўзидан жавоб топа олмаяпмиз.

Масалан, таҳилларга кўра, биргина йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун ўтган йилда 1 триллион 58 миллиард сўмлик жарималар қўлланилиб, шундан 410 миллиард сўми ундирилган ва давлат бюджетига 227 миллиард сўм ажратма қилинган», — дейди раис.

Фото: «Bugun.uz»

Норбоеванинг қайд этишича, қолган маблағлар йўқ бўлиб кетмаган, ундириш жараёнида ёки қайта кўриб чиқилаётган бўлиши мумкин.

«Тўғри, қолган маблағлар йўқ бўлиб кетмаган, ундириш жараёнида ёки қайта кўриб чиқилаётган бўлиши мумкинлигини тушунамиз. Биз очиқлик, шаффофлик ҳақида гапиряпмиз. Парламент аъзоларига, қолаверса, жамоатчиликка тушунарли бўлиши учун маълумотлар батафсил очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди», — дейди Танзила Норбоева.

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар ортидан Даулетмурат Тажимуратов, Лалагул Қаллихонова ва яна 12 киши қамоққа олинди.

Қорақалпоғистонда содир этилган оммавий тартибсизликлар юзасидан 2 июль куни Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жиноят иши бўйича Жиноят-процессуал кодекснинг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида 14 киши ушланди.

Кадр: YouTube

Шу жумладан, Тажимуратов Д.М. ва Турданов А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан суднинг қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Қаллыханова Л.О.нинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланди. У жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланди.

Терговга жалб этилган фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, қийноқ, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги қатъий назоратга олинган.

Гумон қилинувчи ва айбланувчиларга ҳимоя ҳуқуқи тўла таъминланган ҳолда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар таъминланган. Соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмаc.

Президент Қорақалпоғистон аҳолиси саломатлигига оид қарор имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Қорақалпоғистон Республикасида 2022–2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида»ги қарорда Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида 20 ўринли хирургия бўлими, 80 ўринли Болалар фтизиатрия санаторийси, 120 ўринли Болалар тиббий реабилитация маркази кабилар ташкил этилиши кўзда тутилган. Қарор бошқа йиллар қандай ўзгаришларни назарда тутиши билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ҳокими Илёр Хўжаев бетоблик сабаб 45 ёшда вафот этди;
  • Андижонда яна бир шифокор калтакланди (видеони бу ерга қўймасликни жоиз топдик);
  • Ҳудудлар қиёфаси ўзгариб, аҳоли турмуш даражаси ўсди: Қорақалпоғистонда 6 йилда қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида;
  • «Кун матбуоти тарихи»нинг навбатдаги сони: Демократияни «бўғаётгани»ни тан олган Ислом Каримов, Брежневдан Тошкент метросини ундириш тарихи, ҳарбий туризм. Ўзбек матбуоти 8 июлда нималар ҳақида ёзган?

Хўш, оламда нима гап?

Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэ сайловолди ташвиқотидаги нутқи давомида отиб кетилди. У шифохонада вафот этди. Шавкат Мирзиёев Япония императори ва амалдаги бош вазирига ҳамдардлик йўллади.

Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэ 8 июль куни сайловолди ташвиқотидаги нутқида отиб кетилди. Сиёсатчига Нара шаҳрида яшовчи 41 ёшли Тэцуя Ямагам ов милтиғи билан ўқ узган. Ҳужумчи қўлга олинган.

Тэцуя Ямагами 2004 йилгача Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларининг собиқ денгизчиси бўлган. Жиноятчи полицияга сиёсатчидан норози эканини ва уни ўлдиришни мақсад қилганини айтган.

Синдзо Абэ шифохонага олиб борилганда унда ҳаёт белгилари қайд этилмагани, жумладан, сиёсатчининг юраги тўхтаб, ўпкаси ишламай қолган. Ов милтиғидан отилган ўқ унинг бўйнининг ўнг томонида жароҳат қолдирган. Собиқ бош вазир кўп ўтмай шифохонада вафот этди.

Шавкат Мирзиёев Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэ суиқасд натижасида бевақт вафот этгани муносабати билан Япония императори Нарухито ва бош вазири Фумио Кисидага ҳамдардлик йўллади.

Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ
Фото: Президент матбуот хизмати

Таъзияномаларда жаноб Абэнинг стратегик дастурлари ва инновацион ташаббуслари Япониянинг барқарор ривожланишига, мамлакатнинг халқаро муносабатлар ва жаҳон иқтисодиёти тизимидаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилгани қайд этилган.

Россиядаги миграция маркази ходими ўзбекистонлик йигитга нисбатан куч ишлатди. Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари агрессор ходимни ишдан бўшатишгача бормоқчи.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотига кўра, видеодаги ҳодисани 28 июнда Воронеж миграция маркази биносида Ўзбекистон фуқароси М.И. тасвирга олган ва агентликнинг Воронеждаги вакилига 1 июлда тақдим этган. Мамлакатнинг Москва шаҳридаги бош консулхонаси билан ҳамкорликда видеодаги фуқаро шахси аниқлаштирилиб, 4 июлда учрашув ташкил этилган.

Фуқаро А.Ғ. 2022 йил 1 июнда ишлаш мақсадида Воронеж шаҳрига боргани, ҳужжатларини расмийлаштириш учун 28 июнда миграция марказида бармоқ излари топшириш жараёнида масъул ходим томонидан куч ишлатилгани ва соғлиғидан шикояти йўқлигини маълум қилган. Ушбу ҳодиса батафсил ўрганилиб, қўшимча маълумотлар билан тегишли органларга нота киритилган.

Юқоридаги видеода воқеа ҳақида гапирган Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари Баҳром Исмолов ўзбекистонлик йигитни урган миграция маркази ходимини қонуний жазо олиши ва ишдан бўшатилишигача бормоқчи.

Нафратингизни ушлаб туришга ҳаракат қилинг (ҳарқалай, бутун дунё Путин Россиясининг шу каби ва ундан бадтар агрессиясига нисбатан шундай қилмоқда). Яхшиямки Баҳром Исмоиловдек инсонлар бор экан, мақсадига етсин (ўша агрессор ходимни (Россиядаги бош агрессор билан бошқалар шуғулланяпти, улар ҳам ниятига етсин) ишдан бўшатишгача бормоқчи).

Шу ўринда айтиш керак, ҳурматли мигрантлар (ҳар доим ҳурматингиз бўлган, ҳеч қандай «дангаса» эмассиз, ундай бўлмагансиз), сиз нон топиш мақсадида боряпсиз, тушунарли, лекин саводингизни оширинг, ҳуқуқларингизни билинг, ўзингизга тўғри бўлинг. Ишни деб ўқиш, билимни ва ғурурни (айниқса, чет элда бу нарса Ватанга ҳам боғлиқ бўлади) ҳам унутиб қўйманг. Илтимос. Раҳмат.

 

Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
Янгиликлар17:08 | 5.12.22
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
«Янги Ўзбекистон» боғи бир ҳафтага ёпилди
Янгиликлар16:49 | 5.12.22
«Янги Ўзбекистон» боғи бир ҳафтага ёпилди