Демократияни «бўғаётгани»ни тан олган Ислом Каримов, Брежневдан Тошкент метросини ундириш тарихи, ҳарбий туризм. Ўзбек матбуоти 8 июлда нималар ҳақида ёзган?

Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 1932 йил 8 июль, жума

Ўзбекистонда шакарнинг янги нархлари белгиланган. Шаҳарда арзон, шаҳардан, темирйўл станцияларидан узоқлашган сари қиммат:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 8 июль сонидан лавҳа

Туризмнинг турлари кўп. Масалан, ҳозирги кунда зиёрат туризми ҳақида кўп гапирилади. 90 йил аввал эса ҳарбий туризм долзарброқ бўлган. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 8 июль сонидан лавҳа

Тошкентдаги макарон фабрикасидаги муаммолар: машиналар занг босиб ётибди, янги машниалар ҳали ўрнатилмаган, маҳсулоти сифати бузуқ, саводсизликка қарши кураш суст, деворий газета чиқмаяпти, шу сабабли маҳсулот ишлаб чиқариш режаси ойдан-ойга кам бажарилмоқда.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 8 июль сонидан лавҳа

60 йил аввал. 1962 йил 8 июль, якшанба

Москвада ёппасига қуролсизланиш ва тинчлик учун курашга бағишланган Жаҳон конгресси очилган, шу сабабли газеталардаги бош мавзу ҳам шу. Ҳатто карикатуралар шу мавзуда:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 8 июль сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон» газетасида таниқли адиб Мақсуд Шайхзоданинг шу тадбир ва умуман тинчлик мавзусига бағишланагн мақоласи эълон қилинган. «Ҳозир дунёдаги уруш хавфини туғдираётган империалистик давлатлар ва уларнинг садақаси билан кун кўраётган малайлари экани кун сайин, соат сайин аниқланиб, ҳозиргача иғво ва ёлғонга қурбон бўлиб келаётган оддий кишиларнинг ҳам шуурига бу ҳақиқат етиб бормоқда. Империализм оламининг сарвари ва пири ҳисобланган Америка Қўшма Штатларида ҳам, унинг сафдошлари Англия, Франция, Ғарбий Германияда ҳам кенг халқ табақаларининг урушга қарши мардона кураш олиб боришлари, қуролсизланиш учун бошлаган ҳаракатлари ҳозирги пайт учун ғоят характерли бир ҳодисадир», — деб ёзади адиб.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 8 июль сонидан лавҳа

Бир муддат аввал «Қизил Ўзбекистон» газетасида Тошкент шаҳридаги реклама, плакат ва бошқа ташқи ёзувларда айрим хатоликларга йўл қўйилаётгани, ўзбек тили имлоси қоидаларига риоя қилинмаётгани ҳақида «Қинғир-қийшиқ ёзувлар» сарлавҳали танқидий материал эълон қилинган. Шу мақола ортидан Тошкент шаҳар партия комитети, Ўзбекистон Савдо министрлиги, Тошкент шаҳар Советида йиғилишлар бўлиб ўтган. «Шу кунларда майда рассомчилик ишхоналарини тугатиш, шаҳарда ягона реклама корхонасини ташкил қилиш чораси кўрилмоқда», — дейилади газетага йўлланган расмийлар жавобида.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 8 июль сонидан лавҳа

30 йил аввал. 1992 йил 8 июль, чоршанба

Шу кунларда Тошкентнинг эски герби негизида янги герби тасдиқланадиган:

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 8 июль сонидан лавҳа

Қизиқ — 1992 йил июлида Тошкентда барча турдаги бензинларнинг нархи бир хил бўлган:

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 8 июль сонидан лавҳа

Қорақалпоғистоннинг собиқ раҳбари (ҳозирги раҳбари Мурат Камаловнинг отаси) Қаллибек Камалов «Халқ сўзи» газетасига интервью берган. Суҳбат асосан Камаловни ҳам ўз домига тортган 1980 йиллардаги «Пахта иши» ҳақида кечган. Айни вақтда, унда айрим қизиқ маълумотлар ҳам айтиб ўтилган. «Юрт манфаати учун юқоридаги раҳнамолар эшиги олдида бунақа қайсарлик қилиб туриб олиш ҳислати менга Шароф (Рашидов) оғадан юққан. Эсимда, у киши ҳам Тошкент метроси қурилиши учун рухсат ололмай, Брежневни роса жонидан тўйдирган эди. Айнан шу масала бўйича у Леонид Ильичнинг ҳузурига олти марта қатнади. Ҳар гал хуноб бўлиб қайтар, лекин умидини узмас, қайсарлигини қўймас эди. Ниҳоят, еттинчи марта борганда Брежнев: «Ну, надоел ти меня, Рашидов, со своим метро!» деб, қўлидаги қоғозга қўл қўйиб берган экан. Кейин иккимиз эслаб, роса кулишган эдик», — дейди Камалов. Суҳбатнинг давомида у, жумладан, раҳбарларни инсофга чақирган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 8 июль сонидан лавҳа

6 июль куни Москвада МДҲ давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтган. Нафақат журналистлар, балки Россия, Қозоғистон, Украина, Қирғизистон президентларининг таъкидлашича, тўрт соат давом этиши керак бўлган учрашувнинг тартибини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бузган. «Бу Каримовдан нимани кутишни ҳам билмайсан!», деб жиғибийрон бўлган Москвадаги журналистлардан бири. Ўзбекистоннинг барча газеталарида ЎзАнинг Москвада нега бундай бўлгани ҳақидаги катта суҳбат-мақоласи эълон қилинган.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 8 июль сонидан лавҳа

Суҳбат давомида Ислом Каримов бир-икки қизиқ фикрларни билдириб ўтган. Масалан: «Менинг ҳаётий тажрибам ҳамиша ҳақиқатни гапириш кераклигини кўрсатиб турибди. Аччиқ, ачинарли бўлса ҳам ҳақиқатни гапириш керак! Майли, у кўп одамларга ёқмасин, аммо вақт ўтгандан сўнг сени тушуниб олишади, шугина эмас, қўллаб-қувватлашади». Ёки бўлмаса, журналистнинг: «Кўп одамлар сизни чиқиша олмайдиган, ўжар киши дейишади», деган мазмундаги саволига берган жавобидан парча: «Гапингизни тушундим. Гўёки мен демократияни, турли ҳаракатларни ‘бўғяпман’… Мен тутган йўлни турлича талқин этиш мумкин. Лекин бир нарсани ҳисобга олишни сўрайман: мен ўз халқимни севаман ва у яхшироқ яшаши учун мумкин бўлган ҳамма ишни қиламан. Ишончим комилки, тез орада халқимиз яхши яшай бошлайди».

Муҳрим Аъзамхўжаев тайёрлади

ДТМ 8 август кунги тест натижаларини эълон қилди
Жамият23:58 | 9.8.22
ДТМ 8 август кунги тест натижаларини эълон қилди
Жиззахда алимент қарздролигини ундиришга борган МИБ ходими пичоқланди
Жамият23:54 | 9.8.22
Жиззахда алимент қарздролигини ундиришга борган МИБ ходими пичоқланди
Ўзбекистонда 10 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият23:51 | 9.8.22
Ўзбекистонда 10 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Зеленский ва Путин G20 саммитида учрашиши мумкин
Жаҳон23:31 | 9.8.22
Зеленский ва Путин G20 саммитида учрашиши мумкин
Ўзбекистонда «Agro TV» телеканали ташкил этилади
Жамият23:16 | 9.8.22
Ўзбекистонда «Agro TV» телеканали ташкил этилади
Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади
Жамият23:04 | 9.8.22
Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади