19:03 | 08.07.22 217

Ўзбекистонда 6 ойда энг кўп ёлғон чақириқ бўлган ҳудуд маълум қилинди

ССВ тез ёрдамга келиб тушган чақириқлар бўйича маълумот берди

Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўтган олти ойи давомида тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 2727 та мурожаат ёлғон чақириқ деб баҳоланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, юқоридаги кўрсаткич 2021 йилнинг айни шу даври билан таққослаганда, қарийб 525 тага кам.

«Сир эмас, бугунги кунда тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар саломатлигини тиклаш ва уларни ушбу хавфли касалликдан ҳимоя қилишда катта жонбозлик кўрсатмоқда. Айниқса, бу жараёнда тез тиббий ёрдам хизмат бригадаларининг ўрни беқиёс», — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, 2022 йилнинг ўтган олти ойи давомида энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, бу рақам 616 тани ташкил этган. Кейинги ўринда 394 та чақириқ билан Қашқадарё вилояти жойлашган. Шунингдек, Фарғона вилоятидан 391 та, Навоий вилоятидан 372 та ҳамда Тошкент шаҳридан 320 та ана шундай мурожаат келиб тушган.

Аввалроқ ССВ Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь–июнь ойларида тез ёрдамга жами 6 миллион 245 минг 280 та чақириқ келиб тушганини маълум қилганди.