Қозоғистон буғдой ва ун экспортига чекловларни узайтирди
Қозоғистон 8 июлдан бошлаб буғдой, ун ва кунгабоқар уруғларини экспорт қилишга чекловлар киритди. Тегишли буйруқни мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев имзолади.

Квоталар мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган ва 30 сентябргача амал қилади. Мамлакатдан 550 минг тоннадан ортиқ буғдой ёки меслин (буғдой ва жавдар аралашмаси), 370 минг тоннадан ортиқ буғдой ёки буғдой-жавдар уни ва 15 минг тоннадан ортиқ уруғ экспорти тақиқланди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги апрель ойида дон ва ун экспорти учун квоталар жорий қилганди. 15 июнга қадар мамлакатдан 1 миллион тоннадан ортиқ буғдой ёки меслин, шунингдек, 300 тоннадан ортиқ ун экспорт қилиниши мумкин эмас эди.
Муддат тугашига яқинроқ Ербол Карашукеев Қозоғистон буғдой ва ун экспорти учун квотани сентябргача узайтиришни режалаштираётганини айтганди.
Аввалроқ Қозоғистон ўсимлик ёғи экспортини тақиқлаганди. Шунингдек, Қозоғистон бензин ва дизель экспортига тақиқ ўрнатганди.


