22:02 | 09.07.22 108

Ўзбекистонда 18 ёшга тўлганларга 789 минг сўмдан пул тўланиши ҳақида хабар тарқалди

Расмий манба бунга аниқлик киритди

Ўзбекистонда 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқарога 789 минг сўмдан пул тўланиши ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, Telegram мессенжеридаги гуруҳларда «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси» номи остида очилган сохта аккаунт номидан 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқарога 789 000 сўмдан бир марталик тўлов тўланиши айтилган маълумотлар тарқатилмоқда. Мазкур хабарлар ёлғон ва ҳақиқатга мос келмайди.

«Эслатиб ўтамиз, аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд», дейилган муносабатда.

Аввалроқ Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намози ўқилмаслиги ҳақида хабар тарқалганди. Шунингдек, Ўзбекистонда оилаларга 2 тадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқланиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритилган.