Россиядаги миграция марказида ўзбекистонлик йигитга куч ишлатган ходим ишдан олинди
Аввалроқ тегишли органларга нота киритилганди
Россиядаги миграция марказида ўзбекистонлик йигитга куч ишлатилгани ҳақида хабар берилганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълум қилишича, Воронеж миграция марказининг Ўзбекистон фуқаросига қўполлик қилган ходими ишдан бўшатилди.

Қайд этилишича, Воронеж шаҳридаги миграция марказида ўзбекистонлик меҳнат мигранти билан юз берган ҳодиса юзасидан тегишли органларга мурожаат қилинган. Ушбу мурожаат асосида шаҳар ИИБ томонидан марказ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили иштирокида суриштирув ишлари олиб борилган.
Маълум қилинишича, миграция марказида ёлланма ишчи сифатида фаолият юритиб келган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Маълумот учун, фуқаро А.Ғ. 2022 йил 1 июнда ишлаш мақсадида Воронеж шаҳрига боргани, ҳужжатларини расмийлаштириш учун 28 июнда миграция марказида бармоқ излари топшириш жараёнида масъул ходим томонидан куч ишлатилгани ва соғлиғидан шикояти йўқлигини маълум қилган. Ушбу ҳодиса батафсил ўрганилиб, қўшимча маълумотлар билан тегишли органларга нота киритилган.
Аввалроқ Миграция агентлиги Россиядаги ёнғинда ўзбекистонликлар ҳалок бўлганини тасдиқлаганди. Шунингдек, Россияда ишловчи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳимояси қандай таъминланиши ҳақида маълумот берилган.