23:16 | 09.07.22 681

Тошкентда 4 млрд сўмни талон-торож қилган дорихона бошқарувчиси ушланди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 4 миллиард сўмни талон-торож қилган дорихона бошқарувчиси аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «Д». МЧЖга қарашли дорихона бошқарувчиси Т.К. ўзига ишониб топширилган жами 4 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмларини талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда дорихонанинг 114 миллион сўм пулини ўзлаштирган фармацевт ушланганди. Шунингдек, Ўзбекистонда дориларни қиммат нархда сотиб, истеъмолчилардан ортиқча 21 миллион сўм олган дорихоналар фош этилган.