Уруш бошланганидан бери Украинада қанча бола ҳалок бўлгани айтилди
Уруш бошланганидан бери Украинада 994 бола жабр кўрган. Улардан 347 нафари ҳалок бўлган, яна 647 нафари жароҳатланган. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, болаларнинг аксарияти Донецк вилояти, Харьков, Киев, Чернигов, Луганск, Николаев, Херсон, Запорожьеда ҳудудларига тўғри келади. Хусусан, 7 июль куни Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрига қилинган ҳужум оқибатида 12 ёшли бола оғир яраланган.
Жабрланган болаларнинг кўпчилиги Донецк вилоятида — 348; Харьков — 186; Киев — 116; Чернигов — 68; Луганск — 61; Николаев — 53; Херсон — 52; Запорожье — 31.
Шунингдек, қуролли кучлар томонидан Украина шаҳарларининг бомбардимон қилиниши ва ўққа тутилиши оқибатида 2116 та таълим муассасаси зарар кўрган. Улардан 216 таси бутунлай вайрон қилинган.
Аввалроқ Украинани уруш бошланганидан бери қанча аҳоли тарк этгани маълум бўлганди. Бундан ташқари, Украинадаги уруш тугашининг учта эҳтимолий сценарийси маълум қилинган.



