Ҳиндистонда сел келиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди — фото
Ҳиндистон назоратидаги Кашмир ҳудудида 9 июль куни содир бўлган сел оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «NDTV» хабар берди.

Маълум қилинишича, табиий офат оқибатида 40 киши бедарак йўқолган. «Сел Амарнат ғорининг пастки қисмига оқиб келган», дея баёнот берган табиий офатларни бошқариш бошқармаси. Кучли оқим ҳудуддаги ибодатхона яқинида учта ошхонани бузиб ташлаган.

Табиий офатларга жавоб бериш миллий кучлари раҳбари Атул Карвал 16 киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган. У тўртта гуруҳи қутқарув ишларини олиб бораётгани, жами 100 дан ортиқ қутқарувчи жалб қилинганини айтган. Барча жабрланганлар вертолётда касалхонага етказилган. Деярли 15 минг зиёратчи ғор ибодатхонаси яқинидаги хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.


Аввалроқ Бразилияда сув тошқини сабаб 35 киши ҳалок бўлганди. Шунингдек, Хитойда 2021 йил содир бўлган кучли сув тошқини оқибатида 300 дан ортиқ одам вафот этганди.




