Нархи чидаб бўлмас даражада ошган бензин, Усмон Носирга коммунистик буюртма, «лотинчадан кўра араб алифбосига ўтганимиз мақсадга мувофиқдир». Ўзбек матбуоти 10 июлда нималар ҳақида ёзган?

Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 1932 йил 10 июль, якшанба

Октябрь инқилобининг 15 йиллигига атаб, Средазкомдрам ташкилоти 25 драматург билан шартнома имзолаб, уларга тегишли мазуларни бўлиб берган. Буюртма олганлар орасида, масалан, Усмон Носир, Ғулом Зафарий, Зиё Саид, Комил Яшин, Назир Сафаров каби номларни учратиш мумкин.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 10 июль сонидан лавҳа

«Қизил Ўзбекистон»нинг 1932 йил 10 июль сонида эълон қилинган «Намуна район» материалидан парча: «Бияларни сунъий равишда қочириш яхши натижа берди. Колхозчи ва деҳқонлар бу чорага жуда яхши қарай ётирлар. Қочириш кампанияси вақтида райондаги зотдор айғирларнинг ҳаммаси ҳам ишга тортилди. Ҳозирги вазифа қочириш кампаниясининг муваффақиятларини мустаҳкамлаш учун қочган бияларни яхши сақлаш ва қулун асрашни кенг йўлга қўйишдан иборат бўлмоғи лозим».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 10 июль сонидан лавҳа

1932 йилги суратли ахборот: «Тошкент районининг ‘Зироат’ колхози Тошкент шўро бозорида сабзавот сотаётир».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 10 июль сонидан лавҳа

60 йил аввал. 1962 йил 10 июль, сешанба

«Империализмни жаҳон ланъатламоқда» рукни остида берилган «Африкаларнинг уйи бузиб ташланди» сарлавҳали хабардан парча: «Жанубий Африка Республикасининг ирқчи ҳукумати Жанубий Африка Республикасининг баъзи шаҳарларини ‘қоралар’дан тозалаш деган тадбирни ўтказмоқда (ирқчилар Африканинг туб аҳолисини ‘қоралар’ деган ном билан таҳқирлайдилар). Жанубий Африка Республикасининг энг йирик шаҳарларидан бўлган Дурбанни ‘мутлақо оқ’ шаҳарга айлантириш планига мувофиқ, суднинг қарорига биноан, яқинда Дурбан шаҳридан 10 мингдан кўпроқ киши кўчириб юборилган».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 10 июль сонидан лавҳа

1962 йилги суратли ахборот: «Олмалиқ шаҳри йилдан-йилга обод ва кўркамлашиб боряпти. Суратда: шаҳардаги Ленин кўчасининг кўриниши».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 10 июль сонидан лавҳа

30 йил аввал. 1992 йил 10 июль, жума

«Ўзбекистон овози» газетасида босилган «Бозор тақозоси билан» материалидан парча: «Бензин ва бошқа дизель ёқилғиси нархлари чидаб бўлмас даражада ошди. Бундан икки йил аввал А-76 бензинининг ҳар тоннаси 196 сўмга харид қилинган бўлса, ҳозир унга 7,5—13 минг сўмгача, 1 тонна мойлаш маҳсулотлари учун эса 15—16 минг сўмгача тўланяпти» (қайд этиш жоиз, 1992 йил 9 июлдан Ўзбекистонда барча турдаги бензин нархи яна ошган).

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 10 июль сонидан лавҳа

Жамоатчилик ўртасида ўзбек миллий алифбоси қандай бўлиши лозимлиги ҳақидаги муҳокамалар давом этмоқда. «Ўзбекистон овози»нинг самарқандлик муштарийи Ҳайдаров шундай деб ёзади: «Менинг фикримча, рус алфавитидан лотинчага ўтиш ундаги қийинчиликларга, харажатларга арзимайди. Мактаб болалари, муаллимларни, редакция, босмахона ходимларини қийнаб қўямиз. Ундан кўра секин-аста араб алфавитига ўтсак мақсадга мувофиқ бўлур эди».

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 10 июль сонидан лавҳа

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Ҳамидулла Йўлдошев эса «Халқ сўзи» газетасига йўллаган мактубида Тошкентнинг «Ганга» бекатидан то Олой бозоригача бўлган қисмидаги кўчани Қодирий номидаги Боғкўча деб аташни таклиф қилган (қайд этиш жоиз, айнан шу оралиқдаги кўча ҳозирда ҳақиқатан ҳам Абдулла Қодирий номи билан аталади ва у Зарқайнардан бошланиб, Нукус кўчасига қадар давом этади).

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 10 июль сонидан лавҳа

Дунёда нима гап? Грузия МДҲга қўшилмоқчи эмас. «Шахсан мен Ҳамдўстликка қўшилиш менинг мамлакатимга ҳеч қандай манфаат бермайди, деб ҳисоблайман», — деб таъкидлаган Грузия Давлат кенгаши раиси Эдуард Шеварднадзе венгрияликлар журналистлар билан суҳбатда. Орадан бир ярим йилча вақт ўтиб, 1993 йил декабрида Грузия барибир МДҲга қўшилган. Мамлакат ушбу ташкилотдан 2008 йилги Грузия—Россия урушидан сўнг чиқиб кетган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 10 июль сонидан лавҳа

Муҳрим Аъзамхўжаев тайёрлади

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди
Жамият19:09 | 17.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди