«Қўрқув нима билмайман». Мудофаа вазирлиги Нукусдаги намойишлар пайтида аскарларнинг хизмат жараёни тасвирланган видеони эълон қилди
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1 июль куни соат тахминан 15:00 дан бошлаб айрим фуқаролар шаҳар Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирганди.

Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича маълумот бериб, намойишчиларни амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилганини маълум қилди. Вазирликнинг 1 июль соат 21:25 да эълон қилган маълумотида жамоат тартиби тиклангани алоҳида қайд этилган.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси 2 июль куни мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғган.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга етиб борди. Президент у ерда Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари унда Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлаган.
Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон Республикаси коменданти этиб тайинланди. Ҳудудга кириш ва чиқиш чекланган. Барча оммавий тадбирлар тақиқланган.
Шунингдек, ҳудудга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг куч ва воситалари жалб этилган. Вазирлар Маҳкамаси маҳкаманинг захира фонди ва бошқа давлат манбаларидан фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратиши белгиланганди.
Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати Нукусдаги намойишлар пайтида аскарларнинг ҳарбий тайёргарлиги ва ҳудуд мудофаасини қандай таъминлагани акс этган кадрларни эълон қилди. Унда ҳарбийлар биргаликда «Қўрқув нима билмайман, қайнаб-тошар нафратим. Газанда қолмас омон, жоним фидо Ўзбекистон», дея бақирганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов аскарлар тайёргарлигини шахсан текшириб борган.
Аввалроқ Қорақалпоғистон комендатураси вакили Зафар Алимов Нукусда бўлиб ўтган намойишларни бостиришда ҳарбийлар қандай воситалардан фойдалангани ҳақида маълумот берганди. Унинг таъкидлашича, ноқонуний митингларни бостириш мақсадида ёрдамчи кучлар зудлик билан етиб бориб, «дымовая шашка» махсус воситалари орқали тўпланган фуқароларнинг бир қисмини тарқатишга эришган.
Шу билан бирга, Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларда 18 нафар фуқаро вафот этганини маълум қилган. Намойишчилар томонидан 2 июль куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга хужум уюштириб, қурол-яроғлар тортиб олинган. «Нукус халқаро аэропорти»га, маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, шаҳар Ички ишлар бошқармаси биносига ҳужумлар уюштирилган.




