Тошкентда ҳайдовчилар учун пулли йўллар пайдо бўлиши мумкин
Шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи бу бўйича маълумот берди
Тошкентда пулли йўллар, шунингдек, йўл четида пулли тўхташ жойлари пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевга таяниб, «NOVA24» хабар берди.

Жўраевнинг сўзларига кўра, ҳозирча бундай қарор ҳақида гап-сўз йўқ, бироқ келажакда пуллик ҳудудларни жорий этиш режалаштирилмоқда.
«Бу содир бўладиган йилни аниқ айта олмайман, биз ҳали бу мавзуга келганимиз йўқ. Бундай амалиётни амалга ошириш учун бизда жиддий сабаб йўқ. Лекин консепцияда пуллик ҳудудлар ташкил этилиши, унга киришда ҳайдовчилар маълум миқдорда тўлашлари назарда тутилган», — дейди Анвар Жўраев.
Қайд этилишича, тирбандлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун Тошкентда йўл четида пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш амалиёти жорий этилади. Бироқ яқин келажакда бундай ечимларни пойтахтда жорий этиш режалаштирилмаган.
Келтирилишича, концепция сифатида Транспорт вазирлигининг 2022 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳаси назарда тутилган.
Аввалроқ Президент ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича топшириқ берганди. Шунингдек, Ўзбекистонда автомобиль йўллари соҳасида жамоатчилик назорати кучайтирилиши маълум қилинганди.