Бугун оқшоми. Банкоматлардаги фоиз можароси, Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар юзасидан АҚШ Конгрессига топшириладиган ҳисобот, iPhone 14 тақдимоти санаси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Душанба — оғир кун, шубҳасиз. Аммо бугун икки баравар оғир, на ишга чиқишни, на чиқмасликни биласиз, чунки Ўзбекистонда расмий дам олиш кунлари давом этмоқда. Аммо биз ишлашдан тўхтамаймиз. Сизларга энг яхшисини улашишда давом этамиз.

Бугуннинг асосий хабари — айрим банкоматлардаги «табақалаштирилган» фоизлар. Мавзу қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди, кўплаб обуначига эга блогерлару оддий ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мавзуни муҳокама қилди. Bugun.uz уларни бир жойга жамлади: Банкоматларда «табақалаштирилган» фоизлар. Блогерлар нима дейди?

Фото: «Bugun.uz»

Ижтимоий тармоқлар, баъзи Telegram каналларда айрим банкоматларда синов тариқасида пул ечишда табақалаштирилган фоиз қўлланилаётгани муҳокама қилинмоқда (асосан, VPN билан кириш керак бўлган Twitter’да — эринмаган одамлар-эй). «Bugun.uz» ушбу (қизғин кечаётган) муҳокаманинг қандай бошлангани, қандай давом этаётганини битта материалда кўрсатишга ҳаракат қилади (унинг охири кўринмаяпти дегандик, Марказий бунга нуқта қўйиб берди (балки бу ҳам дебокчадир), лекин якун бўйича ҳам тахминлар бор эди).

Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров Twitter’да қизиқ бир тажриба ҳақида ёзди ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда айтилишича, айрим банклар (тажриба тариқасида) катта миқдордаги нақд пул ечиш операциялари учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатган. «Минималка» — 1 миллион сўм.

Скриншот: блокланган Twitter

Айнан мана шундан сўнг тортишувлар, муҳокамалар бошланиб кетди. Уларни, айтганимиздек, бир жойга жамладик ва уни юқоридаги линк орқали ўтиб, ўқишингиз мумкин.

Бироз вақт ўтиб бунга Марказий банк муносабат билдириб, бу амалиёт ўзини оқламаслигини айтди.

Фото: «Bugun.uz»

Регуляторнинг таъкидлашича, банкларга тегишли банкоматларда комиссиялар мустақил белгиланади ва бугунги кунда 1 фоиздан ошмайди. Қайсидир (номи аниқ эмас) банк синов тариқасида жорий қилган амалиёт эркин бозор шароитида ўзини оқламаслиги айтилган.

Молия соҳасида унча узоқлашмаган ҳолда яна бир хабарни улашволайлик: Ўзбекистонда инфляцияга қандай омиллар таъсир қилмоқда? Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари буни ўрганиб чиқди ва бизга шерик таҳририй — «Kommers.uz»га тақдим этди. Экспертларнинг тадқиқотини тўлиқ «Kommers.uz» ушбу мақоласида ўқишингиз мумкин.

АҚШ Ўзбекистонни санкцияланган товарлар олиб ўтиладиган давлатлар рўйхатига киритди.

Қўшма Штатлар Молия вазирлиги Ўзбекистонни санкияланган товарлар Россия ва Беларусга олиб ўтилиши мумкин бўлган 17 та давлат қаторига киритди.

Фото: «AP»

Давлатларнинг тўлиқ рўйхати Молия вазирлигининг иккита бўлинмаси — Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи ва Саноат ва хавфсизлик бюросининг тавсияларида келтирилган. Улар молия институтларини Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли жорий этилган «жисмоний ёки юридик шахсларнинг экспорт назоратидан қочишга уринишига қарши ҳушёр бўлишга» чақирган.

Ўзбекистон билан бир қаторда Грузия, Арманистон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил, Қозоғистон, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Жанубий Африка, Тайван, Тожикистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қирғизистон ҳам Россияга санкцияланган товарларни жўнатиш учун “транспорт пунктлари” деб аталган.

АҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, элчи Жавлон Ваҳобов ва АҚШ Конгресси аъзолари билан учрашуви якунлари бўйича АҚШ конгрессменлари «Congressional Record»ни АҚШ Конгрессига тақдим этишга тайёр эканини маълум қилган. «Congressional Record» АҚШ Конгрессининг расмий ҳужжати бўлиб, АҚШнинг барча сенаторлари ва конгрессменлари идораларига тарқатилади, уларнинг фикрича, бу Конгресснинг барча аъзоларига минтақадаги воқеалар ҳақида объектив маълумотларни етказиш нуқтаи назаридан фойдали бўлади.

Бундан ташқари, конгрессменлар мазкур ҳужжатга Қорақалпоғистонга оид маълумотларнинг киритилиши маълум даражада Конгресс аъзоларининг бу борадаги ҳамжиҳатлигини кўрсатишини таъкидлаган.

Қурбонлик қилиш — савоб. Лекин… Бухорода қурбонлик қилинган мол ва қўйларнинг ичак-човоқлари ариққа ташланди.

Ижтимоий тармоқларда Бухорода қурбонликка сўйилган мол ва қўйларнинг ичак-човоқлари ариққа оқизиб юборилгани акс этган видео тарқалган. Вилоят Экология бошқармаси ходимлари томонидан ушбу ҳолат тегишлича ўрганилган.

Аниқланишича, қурбонлик қилинган мол ва қўйларнинг ичак човоқларини ариқ сувларига номаьлум шахслар томонидан ташланган. Қўшимча қилинишича, ушбу ҳолат Экология бошқармаси ходимлари томонидан тўлиқ бартараф этилди.

Қурбонлик қилинг. Яхши. Унинг ичак-чавоқларини ариққа ташламанг. Бу ёмон. Буни биласиз, лекин барибир қилишда давом этасиз. Бу унданам ёмон. Албатта, ҳаммага ҳам тегишли эмас.

Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони ошиб бормоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Статистика қўмитасига кўра, 2021/2022 ўқув йили бошига республикадаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 5,1 минг нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич охирги беш йилда ошиб борган. Қуйида йиллар кесимида хорижлик талабалар сонини кўриш мумкин:

  • 2016/2017 ўқув йили – 603 нафар;
  • 2017/2018 ўқув йили – 1320 нафар;
  • 2018/2019 ўқув йили – 2685 нафар;
  • 2019/2020 ўқув йили – 3593 нафар;
  • 2020/2021 ўқув йили – 4219 нафар;
  • 2021/2022 ўқув йили – 5140 нафар.

Кун матбуоти тарихи: Ўзбекистон бош вазирига Ленин ордени, Ҳожибойнинг Қорақалпоғистондаги концертлари, янги Конституция лойиҳаси ҳақида. Ўзбек матбуоти 11 июлда нималар ҳақида ёзган?

Хўш, оламда нима гап?

«Шимолий оқим» қувури орқали Россия газини етказиб бериш тўхтатилди. Аммо бу узоқ давом этмайди.

Газ қувурида 11 июлдан 21 июлгача режали таъмирлаш ишлари олиб борилади. «Nord Stream AG» газ қувурининг самарали, хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш учун ушбу даврда механик компонентлар ва автоматлаштириш тизимларини синовдан ўтказади.

Фото: «AP»

Бироқ Германияда бу шунчаки баҳона экани, кейинчалик Россия газ етказиб беришни бутунлай тўхтатиши таъкидланган.

«Берлин Путин ҳарбий мақсадига эришиш учун Германияни оғир иқтисодий-сиёсий инқирозга олиб келиш умидида шундай қадам ташлашга тайёр, деб ҳисоблайди. Бу билан у Германияни Украинанинг Россияга қаршилигини қўллаб-қувватлашни камайтиришга, ҳатто тўхтатишга мажбурламоқчи», дея хабар берган «Deutsche Welle».

Германия канцлери Олаф Шольц 6 июль куни Россия энергиядан қурол сифатида фойдаланишини таъкидлаган: газ етказиб беришнинг қисқариши техник сабабларга кўра эмаслигини айтган.

21 июлдан кейин газ етказиб бериш тўхтатилган тақдирда, Германия мавжуд газни ерости омборларига тўплашни бошлайди. Агар 1 октябрга қадар улар 80 фоизга, 1 ноябргача эса 90 фоизга тўлдирилган бўлса, қишки иситиш мавсумига қадар Германияда захиралар яратилади.

Apple компанияси инсайдери iPhone смартфонлари тақдимоти 2022 йил 13 сентябрда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилнишича, смартфон учун буюртмалар 17 сентябрдан бошланади ва 23 сентябрдан ишлаб чиқарилиши мумкин. Намойишда тўртта модель бўлиши кутилмоқда. Бу 6,7 дюймли iPhone 14 Мах, 6,1 дюймли iPhone 14, 6,1 дюймли iPhone 14 Pro ва 6,7 дюймли iPhone 14 Pro Мах.

«Apple» смартфон нархларни оширишни кўриб чиқмоқда, аммо бу содир бўлганда, 2022 йилги нархлар қуйидагича бўлиши мумкин:

  • 6,1 дюймли Apple iPhone 14: 799 доллар;
  • 6,7 дюймли Apple iPhone 14 Мах: 899 доллар;
  • 6,1 дюймли Apple iPhone 14 Pro: 1099 доллар;
  • 6,7 дюймли Apple iPhone 14 Pro Мах: 1199 доллар.

Экспертларнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш ва бутловчи қисмлар нархи ошиб бормоқда. Технология соҳаси мутахассиси Дэн Айвз iPhone 14 нархи 100 долларга ошишини айтган. У буни таъминот занжири бўйлаб нархлар ошаётгани ва Apple бу харажатларни истеъмолчига юкламоқчилиги билан изоҳлаган.

Инсайдер Бен Вуд ҳам нарх ошиши мумкинлигини таъкидлаган. Мутахассис ишлаб чиқариш ва бутловчи қисмларнинг таннархи ўсишда давом этаётганини айтиб, валюта курслари ҳам бунга таъсир қилишини қайд этган.

Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Жамият11:30 | 19.8.22
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Путин ва Си Цзиньпин G20 саммитига боради
Жаҳон11:10 | 19.8.22
Путин ва Си Цзиньпин G20 саммитига боради